Бугунги кунда бутун Ер юзида тоза ичимлик суви катта муаммога айланиб бормоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2000 йиллардан бошлаб 1,2 миллиард аҳоли мунтазам равишда чучук сув муаммоси кузатиладиган минтақаларда истиқомат қилиб келади. Таҳлилчилар XXI асрнинг учинчи ўн йиллиги ўрталарига бориб, ичимлик суви билан боғлиқ муаммо янада глобаллашишини таъкидлайди.
Мамлакатимизда ҳам сув билан боғлиқ муаммо, сув танқислиги йилдан-йилга жиддий тус олиб бормоқда. Шу боис, сув танқислигини бартараф этиш мақсадида муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинади. Хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ҳам ўрганилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сингапурга давлат ташрифи доирасида “яшил” технологиялар, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди.
Таъкидлаш жоизки, Сингапурнинг сув ресурсларини оқилона бошқариш, сув тежовчи технологиялар борасидаги тажрибалари алоҳида эътиборга молик. Марказий Осиё халқаро институти бош илмий ходими Нозим Ҳасанов билан Сингапур давлатининг сув тежаш соҳасидаги тажрибалари хусусида суҳбатлашдик.
— Сингапур сув бошқарувида ўзига хос тажриба орттиришида қандай омиллар туртки бўлган?
— Сингапур Осиё қитъасининг энг ривожланган давлатларидан бўлиб, янги технологияларни жорий қилиш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. Сингапурнинг сув ресурсларини оқилона бошқариши, жумладан, аҳолини сув билан таъминлаш тажрибаси алоҳида эътиборга молик. Бу шаҳар-мамлакат табиий йўл билан шаклланадиган сув ресурсларига эга эмас. Шунинг учун ҳам сув сиёсатига, сувдан оқилона фойдаланишга катта эътибор қаратилади. Мутахассисларнинг фикрича, Сингапурнинг сув стратегияси дунёда энг оптимал ҳисобланади.
Сингапур сувни тежамкор ва оқилона ишлатишга бўлган интилишининг муҳим омилларидан бири — бу қўшни Малайзиянинг сув ресурсларига боғлиқлиги ҳисобланади. Яъни, мамлакат эҳтиёжидаги сувнинг 40 фоизи Малайзиядан келтирилади. 30 фоизи эса “NEWаter” дастури — чиқинди сувларини тозалашга мўлжалланган дастур ҳисобига олинади. Денгиз сувини чучуклаштириш 20 фоизни, маҳаллий сув ҳавзалари 10 фоизни ташкил этади. Шу боис ҳам халқнинг ўзи тушунган ҳолда сувни тежайди. Сувни қайта ишлашга алоҳида эътибор берилади.
2006 йилда Сингапур ҳукумати мамлакатни сув ресурслари соҳасидаги глобал тадқиқот марказига айлантириш мақсадида катта инвестициялар киритди. Бундан ташқари, 2008 йилда Сингапур Миллий университети қошидаги Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабида махсус сув сиёсати институти ташкил этилди. Сингапурда 2008 йилдан бери ўтказилаётган Сингапур халқаро сув ҳафталиги жаҳон сув саноати оламидаги муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.
Яна бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, бугунги кунда ушбу мамлакатда сув таъминоти билан шуғулланадиган 70дан ортиқ маҳаллий ва халқаро компаниялар фаолият юритиб келмоқда. Ундан ташқари, 23 та тадқиқот марказлари 100 га яқин лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Сингапурнинг сув соҳасидаги амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлари, айниқса, бу соҳага тегишли қонунчилик базасини такомиллаштириш, сув нархини белгилаш, давлат таълими ва бу борадаги илмий-тадқиқот ишлари мамлакатга нафақат сув таъминотининг долзарб муаммоларини ҳал қилишга, балки сув тадқиқотлари ва технологияларини жорий қилиш глобал марказига айланиш имконини берди.
Бугунги кунда шаҳар аҳолисини сув билан таъминлашга қаратилган махсус “Тўрт жўмрак” номли лойиҳа тизими муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Биринчиси – маҳалий сув йиғиш тизими, иккинчиси – Малайзиядан сув олиш, учинчиси – чиқинди сувларини қайта ишлаш ва тўртинчиси – денгиз сувини чучуклаштириш, яъни уни истеъмолга яроқли қилиш.
— Чиқинди сувлари қай тартибда тозаланади ва ундан қандай мақсадда фойдаланилади?
— Чиқинди сувларини ишлатиш самарали амалга оширилади. Махсус тузилган коммунал хизматлари корхоналари томонидан чиқинди сувларини тозалашга мўлжалланган ноёб “NEWater” номли технология ишлатилади. Ҳозирги вақтда коммунал хизматлар томонидан фойдаланиладиган тозалаш иншоотларининг қуввати кунлик сув таъминотининг 30 фоизини (кунига 520 минг м3) таъминлаш имконини беради.
Сувни тозалаш ёки регенерация жараёни уч босқичда амалга оширилади. Аввал сув мембрана фильтри ёрдамида кичик зарралар — ахлат ва бактериялардан тозаланади, сўнгра ультрабинафша ва водород перикси ёрдамида зарарсизлантирилади. Қайта ишланган сув асосан ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарига йўналтирилади. Ундан ортиб қолган сув 17 та йирик сув омборларидан бирига юборилади.
— Қайта ишланган сув сифати белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берадими?
— Тадқиқотларга кўра, “NEWаter” технологияси ёрдамида тозаланган сув Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабларига тўлиқ жавоб беради. Ҳатто овқат пишириш ва ичимлик суви сифатида ишлатилиши ҳам мумкин.
— Ўзбекистон Сингапурнинг сув ресурсларини бошқариш ва тежаш борасидаги қайси тажрибаларини ўрганиши, ўзлаштириши мумкин?
— Дарҳақиқат, Сингапурнинг сувни тежаш борасидаги тажрибалари биз учун ҳам эътиборли. Масалан, мамлакат дарёларининг қуйилиш қисмида тўғонлар барпо этишни кўзда тутувчи янги сув таъминоти тизимларини қуриш тажрибаси мутахассисларимиз учун қизиқиш уйғотиши мумкин. Шунингдек, сув хўжалиги объектларининг қурилишида, эксплуатация қилинишида, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни жорий қилиш тажрибасининг фойдали томонларини ўрганишимиз мумкин.
Яна бир жиҳат — ёмғир сувларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилган. Сингапурда ёғингарчилик йилига ўртача 2 минг 400 миллиметрни ташкил этганлиги туфайли (дунёдаги кўрсаткич 1050 мм) бу ерда сув омборларини ёмғир сувлари билан тўлдириш амалиёти йўлга қўйилган. Бу тажрибани ҳам ўрганиб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Сингапурда сув таъминоти билан шуғулланадиган компаниялар 2060 йилга қадар иккита янги қурилмани ишга тушириш натижасида чучук сув ҳажмини 2 баравар ва “NEWаter” заводларининг қувватини 3 бараварга ошириб, сув таъминотини 80 фоизга кўтариши кўзда тутилган. Бундай муваффақиятларга йирик маҳаллий ва халқаро илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши туфайли эришилмоқда.
Ўзбекистон учун сув ресурсларидан фойдаланиш ҳозирги кунда катта аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, биз Сингапурнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва амалда қўлланишига эътибор қаратишимиз мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Бу борада давлатимиз раҳбарининг Сингапурга ташрифи давомида яқин истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари орасида устувор йўналишлардан бири сифатида илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш, шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш каби масалалар жой олгани алоҳида эътиборга молик.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
ЎзА