Аёл — жамият таянчи, оиланинг кўрки, миллат келажагининг пойдевори. Аёл зотига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш миллатимизга хос фазилатлардан.
Бу борада мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаш, рағбатлантириш, таълим ва касб-ҳунар эгаллаши учун шароит яратишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар амалда ўз самарасини бераётгани, аёл-қизларимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгайиб бораётгани қувонарли.
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Сайёра Имомова юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, олий таълим олиши учун шароитлар яратиш, бандлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратилиб, қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Биргина таълим соҳасида хотин-қизларимиз учун яратилаётан енгилликлар, имтиёзларга эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг олий таълимга эга бўлиши давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганига гувоҳ бўламиз. Байрам арафасида қабул қилинган Президент фармони билан ҳомиладор ва 3 ёшгача бўлган фарзанди бор аёлларнинг олий таълимда ўқишини давом эттириши учун имтиёзлар, алоҳида имкониятлар берилгани янада қувонарлидир.
Шунингдек, ногиронлиги бор, эҳтиёжманд хотин-қизларимизни ўз имкониятидан келиб чиқиб фаолият юритиши, даромадга эга бўлиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ҳам алоҳида шарт-шароитлар яратилаётгани эътиборга молик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vWIyfkTz2Ho" title="Imkoniyatlari cheksiz ayollar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА