Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имкониятлардан унумли фойдаланиш – келажакка пойдевор
15:53 / 2023-12-18

Бугун юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Кўплаб иқтидорли йигит-қизларимиз билим ва салоҳияти, изланувчанлиги, ҳаракатчанлиги билан қатор ютуқларни қўлга киритишмоқда.

Андижонлик Мухлиса Каримова ҳам ана шундай серғайрат ва тиниб-тинчимас, фаол қизлардан биридир. У Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси ҳузуридаги “Андижон волонтёрлари”, шунингдек, “Умид нури”, “Universe” эркин волонтёрлик ҳаракатлари аъзоси. 2019-2021 йилларда вилоят “Сардорлар кенгаши”да “Спорт” йўналиши сардори сифатида фаолият юритган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти Кенгаши “Иттифоқ” сардори сифатида фаолият олиб борган.  

Мухлиса ёшлар ташкилотидаги фаоллиги, ташаббускорлиги туфайли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига кўра, Андижон давлат педагогика институтининг “Миллий ғоя маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” йўналишига имтиёзли равишда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди.  

Ғайрат-шижоатли Мухлиса мунтазам қатор кўрик-танлов, форум ва анжуманларда фаол иштирок этиб келади. Жумладан, 2020 йилда вилоятда ўтказилган “Муҳаммад Юсуф – менинг шоирим” онлайн танловида иштирок этиб, II ўринни эгаллаган. 2021 йилда халқаро UNICEF (Бирлашган миллатлар ташкилотининг Халқаро болалар фонди), UNDP (Бирлашган миллатлар тараққиёт дастури), UNODC (Бирлашган миллатлар ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси) томонидан ўтказилган “Fergana Valley Model United Nations-2021"да волонтёр сифатида иштирок этиб, сертификат билан тақдирланган. 2021 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остидаги танловда фахрли I ўринга сазовор бўлиб, диплом билан тақдирланди.  

Шунингдек, 2021 йилда вилоят ҳокимлиги томонидан 11октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг фаол ва ташаббускор қизлари” шиори остида ўтказилган форумда фаол иштирок этиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. 2022 йилда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган “Ибрат” тиллар оромгоҳининг 3-мавсумида қатнашган, “Камалак” болалар ташкилотининг XXI анжуманидаги фаол иштироки учун сертификат билан тақдирланган. Шу билан бирга, 2022 йилда Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ўтказилган республика “Ёшлар туризм қурултойи”да ҳам фаол иштирок этган. 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги томонидан ўтказилган “Болалар ҳамдўстлиги” халқаро форумида қатнашган.

Ҳар бир кўрик-танлов ва форум Мухлиса учун катта майдон, тажриба алмашиш ҳамда малакасини оширишда платформа вазифасини ўтайди. Ёшлар ташкилотидаги фаолияти давомида у ўз тенгдошларини ҳам фаолликка, ташаббускорликка ундайди. Қаҳрамонимиз халқаро “Girlpower” қизлар академиясида ҳам таҳсил олмоқда.  

Мухлиса Каримова ўз устида ишлашдан, ёшлик имкониятларидан фойдаланишдан чарчамайди. Тил ўрганишга бўлган иштиёқи туфайли инглиз, рус тилларида эркин сўзлаша олади. Қолаверса, бугунги ахборот даври эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Ёшлар технопаркида график дизайн ўқув курсларида ҳам таҳсил олди, қатор дастурлардан эркин фойдалана олади. Бир нечта лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, Мухлиса спортга ҳам ошнодир.  

– Болалигимдан спорт соҳасига қизиқишим баланд бўлган. Шу сабаб спортнинг Таэквондо (WTF) тури бўйича 6 йил мунтазам шуғулланганман. Вилоят, республика ва Осиё чемпионатларида фахрли ўринларни эгалладим. Спорт соҳаси менга бегона бўлмаганлиги сабабли Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ҳамкорлигида таъсис этилган махсус “Миллий гвардия” синфини тамомлаганман, – дейди у.  

Дарҳақиқат, Мухлиса Ўзбекистон Таэквондо (WTF) ассоциацияси аъзоси, 2 карра Ўзбекистон чемпионидир. 2016 йилда Ўзбекистон Таэквондо федерацияси томонидан “Квалификацион гувоҳнома” билан тақдирланган. 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон чемпионати”да фахрли I ўринни эгаллаган. Шунингдек, 2023 йилда Мудофаа Вазирлиги томонидан таъсис этилган “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий ватанпарварлик ҳаракати эмблемаси соҳибаси бўлган.

Мухлиса Каримова ёш бўлишига қарамай, ҳаракати, ўзига бўлган ишончи ва шижоати билан кўпчилик тенгдошларига намуна бўла олади. Бу борада у ўз тенгқурларига қарата шундай дейди:  

– Ҳар бир тенгдошимга бир нарсани қайта-қайта айтишни хоҳлардим – биз ёшлар эътибор ва имконият мамлакатида ўсиб-унаяпмиз. Бизга берилаётган ҳар бир имкониятдан муносиб фойдаланишимиз лозим. Инсон қайси соҳага қизиқишидан қатъий назар, ўз соҳасининг энг зўри бўлиши учун ҳеч қачон тўхтамаслиги, йўлидан чиққан ҳар бир тўсиққа муносиб жавоб қайтариши, энг муҳими, мақсад ва хоҳишларга қарши чиққан ҳар бир нарсага муваффақият ва ютуқлари билан жавоб қайтариши шарт.  

Оилада уч нафар қиз фарзандмиз. Ота-онам бизга ўзимиз қизиққан ҳар бир соҳа учун имконият ва шароит яратиб берган. “Қиз боласан”, “шарт эмас”, деган гапларни ҳеч қачон эшитмаганман. Бугунгача эришган муваффақиятларимнинг энг катта сабабчиси отам ва онам деб биламан ва энг катта мотивацияни ҳам улардан оламан.  

Дарҳақиқат, бугун ҳар бир ёш мамлакатимизда яратилаётган имкониятлардан ўз келажаги, эртанги муваффақияти учун фойдаланиши лозим. Ёшлик шижоатидан, такрорланмас онларидан келажакка пойдевор қўйиш илинжи ила олға қадам ташлаш фурсатини бой бермаслик энг тўғри йўлдир.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА