Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳудудда етиштирилаётган пахтани қайта ишлаш жараёнлари, мавжуд имкониятлар ҳамда бу борадаги муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш мақсадида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Президентнинг ҳудудий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямов ва вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.

Унда банк-молия муассасалари вакиллари, тегишли орган ходимлари, енгил саноат ва тўқимачилик соҳаси раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди. Мулоқотда пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлаш, маҳаллий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, тўқимачилик маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш орқали қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бу йўналишдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соҳадаги барқарор иш ўринларини кўпайтириш масалалари муҳокама этилди. Учрашувда тадбиркорлар ўз фаолиятида дуч келаётган муаммо ва таклифларни билдирди. Хусусан, хомашё етиштириш ва қайта ишлаш занжиридаги қийинчиликлар, кредит ва молиявий ресурслардан фойдаланиш, экспорт жараёнларини соддалаштириш каби масалалар кўтарилди.

Учрашув якунида соҳадаги ислоҳотларни жадаллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва вилоятда тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича тавсия ва топшириқлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА.