English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имкониятлар тенглиги — болалар келажаги кафолати
17:41 / 2026-01-20

Янгиер шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган ва ногиронлиги бор болаларни инклюзив таълимга жалб қилишда фаол ва амалий ишлар олиб бормоқда.

Марказнинг бу саъй-ҳаракатлари нафақат болаларга тенг имкониятлар яратади, балки уларнинг ижтимоий кўникмаларини ривожлантириш, жамиятда фаол иштирок этиш ва келажакка ишонч билан қараш қобилиятини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

– Инклюзив таълим фақат билим олиш имкониятини таъминлаш билан чекланмайди. У болаларнинг ижтимоий кўникмаларини ривожлантириш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди, – дейди марказ бош мутахассиси Сайёра Маматқулова. – Шу боисдан болаларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур қўллаб-қувватлаш ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Янгиер шаҳрида 121 та мурожаат кўриб чиқилди, маҳаллалардаги аҳоли орасида ўрганишлар амалга оширилди ва 18 ёшгача бўлган болалар хатловдан ўтказилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 27 февралдаги «Ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, касаллик ташхиси мос келган болалар Психологик-тиббий-педагогик комиссияга йўналтирилди.

Натижада, 17 нафар бола кундузги парвариш хизматига жалб қилинди, 36 нафар бола инклюзив таълимда иштирок этиш учун хулоса олди, 6 нафар бола инклюзив гуруҳларга, 7 нафар бола ихтисослаштирилган мактабларга ва 5 нафар бола махсус мактабларга йўналтирилди.

Ўтган йил декабрь ойида қабул қилинган 13 та ариза асосида бир гуруҳ болалар инклюзив гуруҳ ва синфларга жалб қилинди. Янгиердаги 1 та кундузги парвариш хизмати фаолият юритиб, унда 2 та гуруҳ ва 4 нафар тарбиячи ҳамда ёрдамчи ишламоқда. Камбағал оилалар реестрида турган оилалар фарзандлари ушбу хизматдан фойдаланмоқда, уларнинг оналари эса иш билан таъминланди. Шунингдек, инклюзив таълимга жалб этилган бир нафар боланинг онаси махсус педагог сифатида фаолият бошлади.

Инклюзив таълим нафақат алоҳида таълим эҳтиёжи бўлган болалар учун, балки барча болалар учун ижтимоий муҳитни барқарор шакллантириш, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу тизим орқали жамиятда барча учун тенг имкониятлар таъминланади, дискриминациянинг олди олинади ва ҳар бир бола келажакка ишонч билан қараш имконига эга бўлади.

– Инклюзив таълим — болани имконияти билан кўриш ва уни қўллаб-қувватлаш, ажратиш эмас, балки жамиятда тенглик муҳитини шакллантириш демакдир. Шу тариқа биз болаларнинг билим ва ижтимоий фаоллигини мустаҳкамлаймиз ва келажак авлод учун барқарор асос яратамиз, – дейди Сайёра Маматқулова.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири