Халқаро дзюдо куни Нукус туманининг “Улгили макон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Gulaim judo club” дзюдо клубининг иккинчи қўшимча спорт зали фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Еркинбай Қутибаев ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни Халқаро дзюдо куни ҳамда янги спорт зали фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этишди.
Таъкидланганидек, 2022 йили “Gulaim judo club” дзюдо клуби ўз ишини бошлаган эди. Мазкур клуб асосчиси Гулойим Жумабаева ва унинг укаси Ерназар Сарсенбоев Жаҳон кубоги совриндорлари, опаси Перида Жумабаева ва синглиси Индира Жумабаевалар Осиё чемпионати совриндори, Ўзбекистон чемпионати ғолиблари ҳисобланади. Мазкур клубда бугунги кунда 150 нафарга яқин ёш спортчи ана шу ука, опа-сингиллар қўл остида шуғулланиб келишмоқда.
[gallery-25983]
Дзюдо клуби очилганига ҳали кўп вақт бўлмаса ҳам тарбияланувчилар кўплаб спорт мусобақаларида сезиларли даражадаги ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, Нурислом Мирзалиев, Отабек Мухашев, Алпамис Ниетбаев, Шахсанем Есполова, Наргиза Абатбаевалар Қорақалпоғистон Республикаси чемпионати ва Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашди.
Дзюдо клубининг қўшимча спорт зали фойдаланишга топширилиши нафақат “Улгили макон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди, балким бошқа маҳаллалар ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиш имконини беради.
— Мен ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 19-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчисиман. Дзюдо билан икки йилдан бери мураббийим Гулойим Жумабаева қўл остида шуғулланиб келяпман. Шу кунгача Қорақалпоғистон чемпионатида бир неча бор ғолиб бўлдим. Ўзбекистон миқёсида ўтган мусобақаларда эса совринли ўринларни эгалладим. Спорт клубимизда биз спортчи ёшлар учун барча қулайликлар мавжуд, — дейди ёш спортчилардан бири Атабек Мухашев.
Тадбир якунида иштирокчилар янги спорт залида шуғулланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари