Кўпинча имконияти чекланган шахслар билан суҳбат жараёнида жуда ҳушёр бўлишга, имкон қадар уларнинг қалбига озор етказадиган савол бериб қўймасликка ҳаракат қиламан. Бу сафарги суҳбатдошим 24 ёшли магистр Осиё Ҳошимованинг фикрлашлари, ҳаётга бўлган қарашлари мутлақо ўзгача экан.
— Болалигимдан туғма кўзи ожиз бўлиб дунёга келганман. Аммо ҳечам бундан афсусланмайман. Сабаби ёнимда мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб турувчи ота-онам, яқинларим бор. Айрим ота-оналар ногирон фарзандини бошқаларга кўрсатмасликка, бекитишга ҳаракат қилишади. Бизни оилада ҳаммаси бошқача. Эркин фикрлашимизга йўл очиқ. Хато гапирсам ҳам ота-онам урушишмайди. Камчиликларимни юзимга солишмайди. Онам ҳатто мени деб ўз касбидан воз кечган. Доим ёнимда бирга юради. Имкониятим чекланган бўлса-да, менга яшаш асло қийин эмас. Чунки давлатимиз томонидан яратилаётган ҳар қандай имкониятлардан тўлиқ фойдаланаман, — дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, биринчи гуруҳ ногирони Осиё Ҳошимова.
Осиё лицейда ўқиб юрган кезлариданоқ компьютерни мукаммал ўрганишга ҳаракат қилди. Компьютер бўйича илк саводини пойтахтимиздаги марказий кўзи ожизлар кутубхонасида Умид Худоёрбековдан олди. Устози унга клавиатура билан қандай ишлашни ўргатди. 2022 йилда имконияти чекланган қизлар ўртасида “Skills for girls” лойиҳаси ташкил қилинди. Ушбу лойиҳа асосида соҳага қизиққан имконияти чекланган қизлар ўқитилди.
Унда график дизайн ва компьютер саводхонлиги бор эди. Осиё компьютер саводхонлиги курсини танлади. Устози Шерзод Бобоқулов клавиатуранинг ҳар бир қаторига 3 соатдан вақт ажратиб, қунт билан ўргатди. Осиё каби қизлар компьютерни гапирувчи дастур орқали ўрганишди. Имконияти чекланган одамлар компьютер ўрганишда кўпроқ бармоқлар жойлашувига эътибор беради.
— Энг аввало бармоқларимизнинг клавиатурадаги жойлашувини ўргандик, — дейди Осиё. — Ўрта қатордан бошлаб ўрганиш биз учун анчагина қулай бўлди. Охирги дарсларимиз Google таржимонда матнларни таржима қилиш билан тугади. Лекин фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Ҳозир дастурларни ўзим мустақил равишда юклашни ўрганяпман. Дастурлар билан бемалол ишлашни биладиган даражага етишни истайман. Мақсадим техник билимлар томонидан ҳеч қандай тўсиқларга учрамаслик.
Компьютерни, айниқса кўришда нуқсони бор инсонларга қулайликлари жуда ҳам кўп. 2018 йилда ўрганган билимларим билан 4-курсда битирув малакавий ишимнинг ҳаммасини ўзим мустақил ёза олдим. Ҳозир магистрлик диссертациямни ҳам ўзим ёзяпман.
Ҳаётимда айтишга арзигулик ютуқларим анчагина. 2022 йилда ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида ўтказилган "Энг яхши китобхон" кўрик-танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллаб, 20 миллион сўм пул маблағини қўлга киритдим.
— Ҳар доим қувноқ кайфиятда юрасиз, бунинг учун сиз кўпроқ нимадан куч-қувват оласиз?
— Бугун техника асрида ҳамма нарса инсонни яхши ва чиройли яшаши учун хизмат қиляпти. Фақат уни бошқаришни билиш кифоя. XVIII ёки XX асрда яшаган кўзи ожизлардан XXI асрда туғилган кўзи ожизларга яшаш осонроқ. Чунки техника орқали ҳаётимизга анча кулайликлар кириб келди. Бундан ташқари, одамлар бугун бизга илгаригидек ачиниш ёки ажабланиш кўзи билан қарашмайди. Шунингдек, шахсан мен ўзимни ҳеч қачон ногирон деб ҳисобламайман. Чунки бизнинг кўзимиздаги нурнинг камлиги туфайлигина кўриш имкониятимиз чекланган, холос.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 27 февралдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам мен каби ногиронлиги бор ёшлар учун кўплаб имкониятлар эшигини очишига ишонаман.
ЎзА мухбири Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.