English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имконияти чекланган шахслар имконсиз эмас (+видео)
13:05 / 2023-11-30

Юртимизда имконияти чекланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тенг ҳуқуқлилик тамойилларига асосан жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўзлари танлаган касблар бўйича меҳнат қилиши учун етарли шароит яратилмоқда. Чунки, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари Бош қомусимизнинг 50-моддасида алоҳида қайд этилган бўлиб, “давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди”.

Амалда ҳам бу борада самарали ишлар йўлга қўйилганлиги жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабида бугунги кунда 246 нафар ўғил-қиз касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Ушбу мактаб Самарқанд вилояти билан бирга Жиззах, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдаги мактаб-интернатларда таҳсил олаётган имконияти чекланган ёшлар учун касб-ҳунар ўргатишга ихтисослаштирилган. Улар мактаб-интернатнинг 9-синфини битиргач, касб-ҳунар ўрганишни истаса, мазкур мактабда ўқиши мумкин. Муассасада 170 ўринли ўқувчи тураржойи мавжуд.  

[gallery-14840]

– Бугунги кунда мактабимизда ўқувчилар тикувчилик, дурадгорлик, маиший техник воситаларини таъмирлаш, мебель, пойабзал ишлаб чиқариш, дастурий аппаратлар созловчиси каби мутахассисликларни ўрганишади, – дейди Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаби директори А.Бўлтаков. – Уларга 13 нафар фан ўқитувчиси, 15 нафар ишлаб чиқариш таълим устаси сабоқ беради. Ўқувчилар касб-ҳунарни яхши ўрганиши учун туманимиздаги ўндан ортиқ корхонада амалиёт ўташади. Бу даврда уларга ҳатто иш ҳақи ҳам тўланади. Ўз мутахассислигини яхши ўзлаштирган ўқувчилар мактабни битиргач, шу корхоналарда ишлайди. Ўтган йил битирувчиларимизнинг 15 нафари шу тарзда иш билан таъминланди.

Касб-ҳунар мактабида таянч ҳаракатида, шунингдек, олегфрения ташхиси, олегфрения нутқ бузилиши ва кар-соқовлиги бор I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ўқувчилар таҳсил олади. Уларнинг асосий ўқув дастурларидан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида касб-ҳунар мактабида 36 та фан, касбий ҳамда спорт тўгараклари ташкил қилинган.

Мактабда ўқувчилар маънавиятини юксалтириш, маданий ҳордиқ чиқаришини таъминлашга алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. Мактабда вилоят театрлари, музейлар, тарихий обидалар маъмурияти билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар ҳафта ўқувчилар театр, музей ёки бирор бир тарихий обидага саёҳат қилади. Бундан ташқари, 4500 дан ортиқ адабиётга эга кутубхона ҳам ўқувчилар хизматида. Улар бу ерда ҳар куни аудио адабиётларни тинглаб, мутахассислар билан ўзаро фикр алмашади.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/p8_3BbThNJo" title="Имкониятини чекланган шахслар имконсиз эмас" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео, сурат),  

ЎзА мухбирлари