Қарши шаҳридаги Ойдин маҳалласида истиқомат қилувчи Баҳриддин Шукуров 1-гуруҳ ногирони.
У Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ташкил этилган 44-сайлов учаскасида рўйхатга олинган. Аммо беморлиги сабаб сайлов участкасига бора олмади. Участка комиссияси аъзолари унинг хонадонига келди ва у ўз уйида овоз берди.
– Мен ҳам шу мамлакатнинг бир фуқароси сифатида овоз бериш жараёнида қатнашишни ўз бурчим деб биламан, – дейди Баҳриддин Шукуров.
[gallery-4394]
– Хасталик туфайли юриш имкониятим чекланган. Лекин участка комиссия аъзолари менга овоз бериш имкониятини яратиб бериб, ўзлари хонадонимга келди. Албатта мен ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим ва бундан миннатдорман.
Таъкидлаш лозимки, 44-сайлов участкаси миллий сайлов қонунчилиги асосида тўлиқ жиҳозланган. У ерда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ўрнатилган. Сайлов бюллетенларини бериш учун ва кузатувчилар учун алоҳида жойлар мавжуд. Сайлов қутилари ўрнатилган.
Сайлов участкаси сайлов санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштирилган махсус стенд, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канцелярия товарлари), ёнғинга қарши воситалар билан таъминланган.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА