French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имконияти чекланган болаларга шахмат жиҳозлари берилди
11:30 / 2025-08-07

Сирдарё вилоятида имконияти чекланган болалар ўртасида шахматни оммалаштириш ҳамда инклюзив таълимни қўллаб-қувватлаш мақсадида Гулистон туманидаги 11-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернатига Брайл шахмат жамланмалари ва махсус адабиётлар топширилди.

Ушбу эзгу ташаббус Сирдарё вилояти Шахмат федерациясининг яқинда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишида билдирилган таклифлар асосида амалга оширилди. Йиғилишда федерация раиси этиб сайланган, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов шахматни жамиятнинг барча қатламлари ўртасида оммалаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Шундан сўнг, “Нурли маскан” мактаб-интернати шахмат мураббийси Мастура Туйинбаева томонидан мазкур масканни брайл шахмат жамланмалари билан таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат йўлланди. Мурожаат тезда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.

Мурожаат ижросини таъминлаш мақсадида вилоят Шахмат федерацияси раиси ўринбосари томонидан мактаб-интернатга керакли жиҳозлар ва махсус адабиётлар етказиб берилди.

–   Бу ғамхўрлик дунёни ёрқин рангларда кўра олмаётган болалар учун катта мотивация бўлди, –   дейди Мастура Туйинбаева. –   Шахмат уларнинг фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, ўз қобилиятларини намоён этиш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири