Қорақалпоғистон Республикаси солиқ бошқармаси томонидан ҳудудларда кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Навбатдаги ана шундай тадбир Мўйноқ туманида бўлди.
Юзма-юз мулоқотда солиқ бошқармаси раҳбарияти ва туман ҳокими иштирок этди. Кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида берилган имтиёзлар, солиқ енгилликлари, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги, соҳага оид сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, кичик ва ўрта бизнеснинг жадал ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳудудларда бизнес муҳитини янада яхшилаш, иқтисодий ўсишга туртки берувчи янги бизнес ташаббусларни амалга оширишга кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар билан янги ташқи бозор сегментларига чиқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март куни “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Ушбу фармон билан 2025 йил 1 майдан бошлаб “ўзини ўзи банд қилган шахс — якка тартибдаги тадбиркор — кичик бизнес — ўрта бизнес — йирик корхона» занжири асосида тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш бўйича янги механизмлар жорий қилинди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди. Ўз фаолиятини тегишинча якка тартибдаги тадбиркор, микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган шахслар ва тадбиркорлик субъектларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 50 миллион сўмгача, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига бир йил давомида қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Очиқ мулоқотда тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда уларнинг бизнесини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Иштирокчиларга ушбу фармон билан тадбиркорларга яратилган солиқ имтиёзлари юзасидан батафсил маълумот берилди ҳамда улар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Тадбир сўнггида солиқ маъмурчилигига амал қилиб илғор натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири