Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имконият, имтиёз ва самара
16:50 / 2019-10-28

Фарғона вилоятидаги кичик саноат зоналари ва “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида кўплаб инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.


Фарғона вилоятидаги кичик саноат зоналари ва “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида кўплаб инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда Фарғона вилоятида 16,3 гектар бўлган 14 кичик саноат зонаси ташкил этилган бўлиб, умумий қиймати 810,3 миллиард сўмлик 94 лойиҳа амалга оширилиши ва 5700 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу кичик саноат зоналари жойлардаги бўш турган ёки фойдаланилмаётган бино-иншоотлар негизида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик асосида барпо этилиши, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратишда қўл келмоқда. Айни кунларда 47 лойиҳа ишга туширилди. Мазкур лойиҳалар асосида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, электротехника маҳсулотлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхоналар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 21,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 51,1 минг доллар маҳсулот экспорт қилинди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида ҳам тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар учун қулай имкониятлар яратилган. Бу зонанинг умумий майдони 709 гектарни ташкил этмоқда. Биринчи ҳудудда фаолият кўрсатиб турган тадбиркорлик субъектлари, саноат корхоналари жойлашган бўлса, иккинчи ҳудуд бўш турган дашт ер-майдонларидан иборат. Учинчи ҳудуд Қўқон шаҳри ичидаги механика ҳамда суперфосфат заводлари сингари 4 корхона майдонида жойлашган.

– Бугунги кунда маъмурий кенгаш томонидан маъқулланган 74 лойиҳадан 30 лойиҳа ишга туширилиб, 48,5 миллион АҚШ доллари қийматида инвестиция киритилди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси директори ўринбосари Соҳибжон Маматов. – Бунинг натижасида 1 минг 620 иш ўрни яратилди. Хорижий инвесторларнинг 13 йирик лойиҳасини ҳам ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилган. Тез кунларда жами 200 миллион долларлик инвестицияларнинг ўзлаштирилиши натижасида иқтисодий зонада 10 минг иш ўрни яратилади.

Тадбиркор Азиз Ғаниев даставвал уй шароитида бежирим оёқ кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланган. “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгач, ички имкониятлари ва кредит маблағларидан фойдаланиб экспортга йўналтирилган пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этди. Янги фаолият бошлаган ушбу корхона жорий йил август ойининг ўзида 132 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. Унинг бу ютуқларга эришишининг асосий омиллари солиқ, божхона тўловларида яратилган имтиёзлардир. Бу ердаги “Шаффоф омадли саноат” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида асосан автомобиль газ баллонларига бутловчи қисмлар, метан, пропан баллонлари тайёрланмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур иқтисодий зонада 12 лойиҳа ишга туширилди. Янги иш бошлаган лойиҳа ташаббускорлари томонидан 470,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 4 миллион 689 минг АҚШ доллари миқдорида Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларига экспорт қилинди. Йил охирига қадар бу ерда 6,3 миллион доллар миқдорида 9 лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилмоқда.