French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имконият, имтиёз ва самара
16:39 / 2016-06-21

Президентимиз раҳнамолигида давлат улуши ва активлари “ноль” қийматида инвестиция мажбуриятлари эвазига сотилаётгани иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизмат кўрсатиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Президентимиз раҳнамолигида давлат улуши ва активлари “ноль” қийматида инвестиция мажбуриятлари эвазига сотилаётгани иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий хизмат кўрсатиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 28 апрелдаги “Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ўтган уч йилда қабул қилинган хусусийлаштириш давлат дастурлари доирасида Сурхондарё вилоятида инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан 70 га яқин давлат кўчмас мулк объекти 109 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритиш ва 1 минг 200 га яқин янги иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига “ноль” қийматида берилган.

– Инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” қийматида реализация қилинаётган давлат мулки ва улушларидан тадбиркорларнинг самарали фойдаланиб, шартнома шартларини бажаришини мониторинг қилиш йўлга қўйилган, – дейди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи Фарҳод Шойимов. – Кейинги уч йилда ана шундай шарт билан бепул берилган давлат кўчмас мулк объектларига сармоядорлар қиймати 52,1 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритиб, 650 га яқин янги иш ўрни яратди. Бунинг эвазига фойдаланилмай турган объектларда замонавий корхоналар ташкил этилиб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилаётир. Аҳолига сифатли, арзон турли хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилмоқда.

Термиз шаҳридаги 22-мактабгача таълим муассасасининг фойдаланилмай турган бино ва иншоотлари 2013 йил “Камазул сайдил” масъулияти чекланган жамиятига уч йилда 1 миллиард 150 миллион сўм маблағ киритиш ва 60 янги иш ўрни яратиш шарти билан “ноль” қийматида берилди. Натижада хорижникидан қолишмайдиган сифатли чарм-пойабзал ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Аҳолига қандолат, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Беҳрузбек Ҳусния” хусусий фирмаси фойдаланилмай турган бинода аҳолига сервис ва хизмат кўрсатишни ўзлаштириб, 11 янги иш ўрни ташкил этди. Шўрчи туманидаги қурилиши тугалланмаган 1-яшаш уйи биносига “ноль” қийматида эгалик ҳуқуқини олган "Одилшер-ТШЭ" кўп тармоқли хусусий фирмаси бу имтиёздан унумли фойдаланиб, иншоотга 260 миллион сўмдан ортиқ инвестиция киритди, хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этди. Айни пайтда замонавий усулда жиҳозланган бинода 20 дан ортиқ ёш меҳнат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 31 майдаги “Давлат мулки объектларидан келгусида самарали фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Термиз шаҳридаги собиқ 15-мактабгача таълим муассасасининг бино ва иншоотларини “Ўтан полвон” хусусий фирмаси 2 йилда 4,2 миллиард сўм инвестиция киритиш, 77 янги иш ўрни барпо этиш шарти билан “ноль” қийматда олган эди. Ўтган йили бу ерда замонавий диагностика ва даволаш маркази бунёд этилиб, мижозларга сифатли, тезкор тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

– Бўш турган бинони тубдан реконструкция қилиб, тиббий муассасага айлантириш учун 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфладик, – дейди “Ўтан полвон” хусусий фирмаси раҳбари Абдужалол Менглиев. – Ўтган йили 1 миллион 930 минг долларлик замонавий магнит резонансли томограф, мультиспиралли компьютер томографи, рақамли рентген, маммограф ва УЗИ аппаратлари билан жиҳозланди. ЭКГ, ЭЭГ эндоскопия ва холтер мониторлари ўрнатилди. Бу нейрохирургик, онкологик, бош мия, гинекологик ва бошқа касалликларга аниқ ташхис қўйиш баробарида уларнинг олдини олиш имкониятини ҳам кенгайтирди. Айни пайтда 80 мутахассис меҳнат қилаётган марказнинг 100 ўринли иккинчи босқичи мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Жарроҳлик ва терапия бўлимлари жойлашган ушбу бинода бемор ва шифокорлар учун барча шароит яратилмоқда.

Жорий йилда вилоятда хусусийлаштирилиши ва “ноль” қийматида берилиши белгиланган 33 давлат кўчмас мулки объектидан келгусида самарали фойдаланиш эвазига 50 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилиб, 1 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.