Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Иминжон отага эсдалик медали топширилди
12:05 / 2026-03-03

Марҳамат тумани Пахтакор маҳалласида истиқомат қилаётган, уруш ва меҳнат фахрийси Иминжон Темиров бу йил ўзининг 101 ёшини нишонлайди. У Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур юртдошларимиздан.

Бугунги тинч, дориламон кунларга етишимизда жанггоҳларда ўлим билан юзма-юз келиб, душманни ер тишлатган, ғалаба билан юртга қайтган, кейин эса юртни тиклаш, ҳаётимиз фаровонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилган Иминжон ота Темиров сингари нуронийларнинг хизматлари беқиёс. 

Бугунги кунда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилган Иминжон отанинг кўксини безаб турган орден ва медаллар яна биттага кўпайди. Марҳамат туман ҳокими Илёсбек Умрзоқов, Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Абдулло Баширов, нуронийлар, туман фаоллари иштирокида унга Россия Федерацияси Президенти имзоси билан юборилган “Ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик медали тантанали равишда топширилди. 

Ушбу мукофот отахоннинг фашизмга қарши курашдаги матонати, жасорати ва фидойилигининг эътирофи, билдирилган ҳурмат ифодасидир.

Хонадонга ташриф буюрганлар отахонни мукофот билан муборакбод этиб, унга соғлик саломатлик, янада узоқ умр тилади. 

Суҳбат давомида Иминжон ота ўзининг ҳаёт йўли, уруш ва меҳнат фронтидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз фаровонлигини тилаб, дуо қилди. 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.