Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Илоқ” этнофестивали таассуротларга бой бўлди
17:16 / 2022-06-03

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Ўрғозсой кенгликларида анъанавий “Илоқ” этнофестивали ўтказилди.

Мамлакатимиз фольклор санъатида Оҳангарон тумани ва унга туташ ҳудудларда яшовчи аҳолининг ўзига хос ижодий ўрни бор. Тарихдан маълумки, Илоқ — давлатчилиги асрий илдизларининг яққол ифодаси бўлган қадимий маданият маркази бўлган. У ўзининг бой конлари билан бутун Шарқда машҳур бўлган. Бу ҳудудда миллий ҳунармандчилик, боғдорчилик кенг ривожланиб, Буюк ипак йўли маданиятида алоҳида ўрин тутган. Бу бебаҳо тарихни халқимизга, ёшларга етказишда анъанавий “Илоқ” этнографик фестивалининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. 

Мазкур фестиваль Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси, Оҳангарон тумани ҳокимлиги, Ўзбек миллий қўғирчоқ театри, “ZOOM-Proyekt” журнали ҳамкорлигида, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди ғояси билан бешинчи марта ўтказилди. “Илоқ” этнографик фестивалида иштирокчилар қадимги Илоқ давлатининг тарихий урф-одатлари, одамларнинг яшаш тарзи, маданиятидан завқ олиб, фольклор ансамбллар, дорбозларнинг чиқишлари, театр усталарининг бадиий маҳоратларига гувоҳ бўлди. Концерт дастурлари, майдон томошалари, қолаверса, гастро, этно, спорт туризм имкониятларидан баҳра олди.

– Фестиваль дарагини эшитиб Пискентдан келдик, – дейди фестиваль иштирокчиси Илёсбек Холбоев. – Бу ерда ажойиб майдон томошалари, халқ ўйинлари, фольклор санъатимизнинг ноёб намуналари, шунингдек, минтақанинг бой ва бетакрор  урф-одат ва анъаналарини ифода этувчи асори-атиқаларига, ҳунармандчилик кўргазмаларига бевосита гувоҳ бўлиб, бир олам таассуротлар олдик. Айниқса, фарзандларимизга жуда манзур бўлди. 

Фестивалга келганлар дилкаш гурунглардан баҳраманд бўлди.

А. Мусаев, ЎзА.