Илон Маск сиёсатдан узоқроқ юрмоқчи
“Tesla” раҳбари ўзининг ҳукумат вакили сифатидаги ролига ишора қилиб, “Бу ишда бўлиш менга жуда қимматга тушди”, дея фикр билдирди.
Эндиликда Илон Маск сиёсат билан камроқ шуғулланишини айтиб, инвесторларни келгуси беш йил давомида компания бошқарувида қолишга ишонтирди. Ушбу баёнот акцияларнинг бироз ўсишига сабаб бўлди, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Маск шунингдек, сиёсий харажатларни сезиларли даражада камайтириш ниятида эканлигини таъкидлаган. Хабарларда айтилишича, Маск Дональд Трампнинг 2024 йилги президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун 250 миллион доллардан кўпроқ хайрия қилган.
Миллиардерга минглаб федерал иш жойларини қисқартиришда президентга ёрдам берадиган Ҳукумат самарадорлиги департаменти бошлиғи лавозимини таклиф қилишди, аммо унинг сиёсатга аралашуви “Tesla”га қарши норозиликларни келтириб чиқарди.
Мусулмон Зиё, ЎзА