Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илму маърифат ҳ​ақ йўлидир
19:13 / 2020-08-15

Жаҳон тараққиётининг бугунги илғор даражаси аслида Ўрта асрлар Шарқ цвилизациясининг ҳаётга татбиқ этилиши самараси ўлароқ янгича қиёфада намоён бўлди.

 
Жаҳон тараққиётининг бугунги илғор даражаси аслида Ўрта асрлар Шарқ цвилизациясининг ҳаётга татбиқ этилиши самараси ўлароқ янгича қиёфада намоён бўлди. Шарқ-ислом оламида цвилизация ижтимоий жиҳатлардан антик дунёдан кўра фаол ва ҳаётий заминга эга эди. Ислом таълимоти илк бора ўтмиш тажрибалари, замон талаблари ва келажак маъсулияти таянадиган илму маърифат оламини яратиб берди. 

Гарчи ислом араб ўлкасида пайдо бўлган бўлса-да, ислом тамаддуни маркази бўлиб Марказий Осиё танилди. Бу тамаддуннинг диний-дунёвий, илмий-маърифий асослари айнан шу ўлкада шаклланди ва тараққий этди. Шуни таъкидлаш керакки, ислом дастлаб халқларга дин ва руҳоний ҳодиса маҳсули ўлароқ хизмат қилган бўлса ҳам унинг теран илмий асосларга эгалиги буюк юртдошларимиз қарашларида юзага чиқди. 

Бу эса дунёга исломнинг дин сифатидаги мавқеини ҳам, янги тамаддун ва Ренасанс манбаи сифатидаги мақомини ҳам очиқ ошкора кўрсатиб берди. Ислом манбаларида илму маърифат ўзликни англаш ва Ҳақни таниш, жаҳолат ва ғафлатдан халос бўлишнинг бирдан бир тўғри йўли эканлиги қайта-қайта уқтирилади. Шу боис исломда илмни эгаллаш ва унинг амалиётини ҳаётга жорий қилиш борасида сай-ҳаракатлар доимо рағбатлантирилди. Муқаддас Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифларда “ҳар бир муслим ва муслима учун илм фарзлиги”, “илмни Хитойдан бўлса ҳам эгаллаш зарурлиги” ҳақидаги даъватлар замирида айни ҳақиқатлар мужассам эди.

 Шу боис ўрта асрларда фаолият юритган мадраса ва мадрасаи-олиялар том маънода ислом тамаддуни ва илм-маърифат масканлари вазифаларини бажарди. Уларда жамият тараққиётини таъминлаш, инсон камолотига хизмат қилиш учун зарур бўладиган барча ақлий ва нақлий (рационал ва иррационал) илмлар таҳсили учун етарли даражада шарт-шароит мавжуд эди. Бу масканлар ўз вақтида ижтимоий-гуманитар ва аниқ фанлар таълими назарияси ҳамда амалиёти бўлиш билан бир қаторда жамият ижтимоий-маданий ҳаётини юритувчи, минтақа ва дунё миқёсида иқтисодий-маънавий ҳаёт ҳароратини белгиловчи масканлар вазифаларини ҳам бажарди. 

Ўрта асрларда қурилган масжитлар, мадрассалар, миноралар, хонақоҳлар, зовиялар, такияхоналар, қуббалар, гумбазлар, қасрлар, работлар, карвонсаройлар, бозоржой ва бошқа кўплаб ноёб обидалар бир вақтда Шарқ-ислом архитектура-меъморчилик санъатининг бетакрор намуналари ҳам ҳисобланган. Улардан биргина мадраса ва олий мадрассаларни оладиган бўлсак, уларнинг таълим миқёси ҳозирги таълим мақсадларидан кам бўлмаган даражадаги вазифаларни ўз зиммасига олган. 

Ушбу ўрта ва олий даргоҳлар ўз даврида таълим-тарбия қамрови, ўқитиладиган фанлар миқёси, толибу илм ва мударрислар иқтидори, дарслик ва қўлланмалар сифати билан дунё фани ривожини ҳаракатга келтирди. Агар илк мадрасалар IX-X асрларда фаолият юрита бошлаган бўлса, бу ўқув даргоҳларининг илмий салоҳияти, нуфузи йил сайин ошиб борган. Айниқса, темурийлар даврига келиб ўзининг юқори тараққиёт чўққисига кўтарилади. 

Айниқса, Самарқандда милодий 1420 йилда улуғ аллома Мирзо Улуғбек тамал тошини қўйган олий мадраса нафақат улкан сулола ҳудҳудлари, балки жаҳон миқёсида заруратга айланган илм-маърифат ва зиё масканига айланади. Унда ўқтиладиган фанлар моҳиятан замонавий илм ўчоқларидаги ўқитиш методларидан кўп ҳам фарқланмайди. Масалан, Улуғбек мадрасаи-олиясида фалакиёт илми назарий жиҳатдан ўқитилган бўлса, унинг амалиёти шахсан Мирзо Улуғбек томонидан ўз расадхонасида олиб борилган эди. 

Шуни инобатга олган ҳазрат Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Мирзо Улуғбек сиймоси, илм қадри ва расадхона мавқеини алоҳида таърифлайди. Унда Мирзо Улуғбекнинг буюк шоҳ ва олим эканлиги, “илми осмоний”дек абадий илмга қўл урганлиги, бу илм соҳаси ҳақида ёзилган “Зижи Кўрагоний” асари охиратга қадар қўлланма бўлиб қолиши таъкидланади.

Гап шундаки, олий мадрасалар ўқув жараёнида янги фанларнинг йил сайин ортиб борганлиги, ўқитиш талабалар имкониятларига қараб тақсимланиши, катта иқтидор эгаларининг дунё бўйлаб муддарислик қилиши, тажриба алмашиш жараёнларининг пухта йўлга қўйилганлиги, фанларнинг дастур ва дарсликлар асосида олиб борилиши ҳамда фундаментал илмий қарашлар манбаларига таяниши билан кучли илмий заминга эгалиги кўринади. Мадраса ва мадрасаи-олиялар илму маърифатнинг халқчиллашиши, оммалашишига ҳам хизмат қилади. 

Мисол учун ўтмишда илм-маърифат аввал махсус даражада, бошқача хил қилиб айтилганда, шоҳу султонлар, амиру умаролар, вазиру вузаролар доирасида амалга оширилган бўлса, кейинчалик мадрасалар халқ таълими, мадрасаи олиялар эса олий таълим шаклини олган. Айниқса, олий мадрасалар базасидаги, сарой ва алоҳида шахсларга мансуб кутубхоналар айнан шу ўқув муассасалари тизими орқали истеъмолга чиқарилган. Натижада бевосита шу китоб заҳираларидан фойдаланиш, уларни муддарислар ёрдамида тушуниш-шарҳлаш имкониятлари яратилган. Бир томондан мадрасаи-олияларда фанлар, айниқса, табиий ва аниқ фанлар махсус йўналишларда ўрганилиши йўлга қўйилди. Бу тажриба жаҳон илм-фанида фанлар умумийликдан хусусийлик томон ўзгаришига ҳам олиб келди. 

Айрим олимлар таъкидлаганидек, фанлар XIX асрга келиб алоҳида соҳаларга ажралганлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатга унчалик ҳам яқин эмаслигини мадраси-олиялар таълим ва илм тажрибалари исботлаб беради. Мадраса ва мадрасаи-олияларда фанларнинг умумийликдан хусусийликка ва аксинча хусусийликдан умумийликка ўтиши жараёни бугунги кундаги халқ таълимидан олий таълимга ва олий таълимдан халқ таълимига ўтиши таълимда узвийлик ва ворисийлик қадимдан мавжуд анъана бўлиб келганлигини кўрсатади. Таълим ўқув шаклининг мадраса-классик даврида ҳам, янги-замонавий босқичида ҳам асосий мақсад мутахассислар тайёрлашга қаратилган. 

Шу жиҳатдан олий мадрасалардан чиққан етук шахслар ўз даври таълим ва илм жабҳалари тараққиётига бениҳоя катта хизматлари сингган. Ўрта асрлар Шарқ мадрасалари ҳозирги халқ таълими, мадрасаи-олиялари эса бугунги олий таълим тизими мақсадларига мувофиқ амалга оширилганлигини исбот этади. Ўқув-илмий жараён олий мадрасалар тажрибаларидан замонавий кўринишлардаги университетлар қиёфасига ўзлашиши Шарқ, хусусан, Ўзбекистон ҳудҳудида табиий бир ҳолат эди. Бир вақтлар Чор Россияси томонидан Ўрта Осиёнинг истило этилиши таълим соҳасида ана шу табиий оқимни узиб қўйган эди. 

Шунга қарамасдан, XX асрнинг биринчи чорагида Самарқандда Ўзбекистон давлат университетининг очилиши бу ерда мавжуд бўлган ва анъаналари йигирманчи асрларгача давом этган шонли олий ўқув юрти, Мирзо Улуғбек асос солган олий мадрасанинг тарихий синовлардан ўтган тажрибалари асос бўлиб хизмат қилади. Шунга кўра, Самарқанд давлат университетини ҳақли равишда 600 йиллик тарихга эга олий даргоҳ сифатида эътироф этиш ўринлидир. Қадим Ўрта Осиё сингари Самарқанд университети кечмишини ҳам тарихий-классик ва янги-замонавий давр типларида қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. 

Самарқандда Мирзо Улуғбек тамал тошини қўйган олий ўқув маскани ўз фаолиятини бошлагандан буён то бугунги кунларгача таълим-тарбия, илм-фан соҳасида эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиниши ва улар бир заминда, бир масканда вужудга келган илмий-ўқув кашфиётлар сифатида қаралиши лозим. Самарқанд давлат университети узоқ анъаналар вориси сифатида бугунги кунда ҳам илм-маърифат ва таълим тарбия соҳасида улкан ишларни амалга оширмоқда. 

Айниқса, кейинги йилларда мамлакатимиз ҳаётида кечаётган чуқур ислоҳотлар университет қиёфасини, илмий салоҳиётини, таълим сифатини янги босқич сари кўтарилишига, халқаро нуфузининг оширилишига йўл очиб бермоқда. Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик тарихи нишонланиши илмий ва педагогик жамоа зиммасига янги вазифаларни юклайди, мамлакатимиз илм-маърифати тараққиётини янги ютуқлар билан бойитишга ундайди, ўтмиш анъаналари ва замонавий талаблар уйғунлашган янгича таълим тизимини яратиш тақозо этилади.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий “Хамса” асарида мадрасаи-олияларда чуқур ўқитиладиган фиқҳ, ҳадис, тафсир каби илмлар ҳақида фикр юритиб, барча илмлар дин-илоҳиёт ва Ҳақни англаш илмига олиб боришини таъкидлайди. Шу маънода ўрта асрлар мадраса ва олий мадрасаларда ҳам, ҳозирги халқ ва олий таълим тизимида ҳам илму маърифат Ҳақ йўли сифатида бирлашади. Дунё ва миллий тажрибадан маълумки, илм мерос ҳодисаси ҳисобланади. Шунга кўра, ҳозирда мамлакатимиз илм-фан жабҳаларида пешқадамлик қилиб келаётган Самарқанд давлат университетининг олти асрдан ортиқроқ пойдеворга эгалиги ҳақидаги фикрлар бардавом анъаналар тарихи ва бугуни учун айни ҳақиқатнинг ўзидир.

Филология фанлари доктори, профессор М.Қ.Муҳиддинов,
филология фанлари доктори, доцент У.У.Қобилов.