Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илмли аёл – Янги Ўзбекистон тараққиёти таянчи
15:41 / 2026-02-12

Навоий давлат университетида 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан  “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” шиори остида анъанавий республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи турибди. Айниқса, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларни илм-фан, инновация ва бошқарув соҳаларига кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Тадбирда хотин-қизларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Анжуманда таъкидланганидек, бугун вилоят аҳолисининг 49,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 92 нафар аёл халқ депутатлари вилоят ва ҳудудий Кенгашларда фаолият юритмоқда. 89 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, 35 нафар хотин-қиз эса “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Бу кўрсаткичлар ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.

– Сўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ҳуқуқий асослар яратилди. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг тадбиркорлик ва таълим соҳасидаги имкониятларини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса хотин-қизларнинг нафақат оилада, балки жамият ва давлат бошқарувида ҳам фаол иштирокини таъминламоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Малика Мамадиярова. – Бугунги кунда илм-фан соҳасида ҳам аёлларимиз салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жумладан, вилоятимиздаги мавжуд олий таълим муассасаларида 229 нафар олима аёл фаолият олиб бормоқда. Улардан 14 нафари профессор, 215 нафари фан номзоди, доцент (PhD) ҳисобланади. Бу рақамлар таълим тизимида гендер тенгликни таъминлаш ва илмий салоҳиятни юксалтириш борасидаги ислоҳотлар самарасидир. Шунингдек, Давлат бошқаруви академиясида 8 нафар фаол хотин-қизларимизнинг таҳсил олаётганлиги уларни келгусида раҳбарлик лавозимларига тайёрлашга қаратилган тизимли ишларнинг бир қисми ҳисобланади. Зеро, Янги Ўзбекистонда раҳбар аёллар сонини кўпайтириш, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини таъминлаш стратегик аҳамият касб этади.

Тадбирда сўзга чиққанлар илмли аёл – жамият кўзгуси эканини алоҳида таъкидлади. Зеро, билимли, маърифатли аёл бор жойда соғлом муҳит, барқарорлик ва тараққиёт таъминланади. 

А. Бўриев, ЎзА