Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасида Қозоғистон Республикаси "Отандастар" фонди раҳбарияти, шунингдек, Қозоғистон Республикасининг етакчи олимлари ва илмий ходимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш жараёнлари, унинг асосий йўналишлари ва бажарилиш механизмлари батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишлари, маданий-маърифий лойиҳалар, қўшма дастурлар ва илмий алмашинувларни кучайтириш каби ташаббуслар ўрин олган 2026 йилга мўлжалланган ҳамкорликнинг “Йўл харитаси” лойиҳаси юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонда яшаб келаётган қозоқ миллатига мансуб ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш дастурларини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича қатор таклиф, тавсиялар илгари сурилди.
Ушбу учрашув томонлар ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларни янада юксалтириши, илмий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириши, энг муҳими, ватандошларимизни қўллаб-қувватлашда янги амалий механизмларни ишлаб чиқишга туртки беришини таъкидлаб ўтиш мумкин.

Нигора Раҳмонова, ЎзА