Илмий тадқиқот фаолияти ҳар қандай давлат ва жамият ривожида асосий аҳамиятга эга. Бу фаолият натижасида замонавий технологиялар, инновацион ғоялар ва илмий ютуқлар яратилиб, иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришда қўлланилади.
Ўзбекистонда илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва фан соҳасида замонавий стандартларни жорий этиш, ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик билан ҳамкорликда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай имкониятлар яратилмоқда.
Инновацион ривожланиш агентлигида “Илмий тадқиқот фаолиятини олиб боришда мавжуд имкониятлар ва келгусидаги режалар” мавзусида жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Қайд этилганидек, Инновацион ривожланиш агентлиги илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техник дастурлари ва лойиҳалари бўйича ягона буюртмачи ҳисобланади. Шунингдек, илмий фаолият соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини мониторинг ва назорат қилиш агентликнинг асосий вазифаларидан саналади.
Сўнгги йилларда олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2019 йилда 130 та таълим ва илмий ташкилотларда олий таълимдан кейинги таълим институтлари мавжуд бўлиб, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 249 тага етказилди.
2025 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги 23 та танлов эълон қилиб, loyiha.ilmiy.uz платформаси орқали 2446 та лойиҳа талабномаси қабул қилинди. Умумий қиймати 577,1 миллиард сўм бўлган 323 та илмий лойиҳа молиялаштирилди.
– Бизнинг мақсадимиз илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантиришда барча имкониятларни яратиш ва замонавий инновацион технологияларни жорий қилишдир. Бу нафақат иқтисодиёт учун, балки мамлакатдаги ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва илмий салоҳиятни ошириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир лойиҳа ва дастур аниқ мақсадга қаратилган бўлиши керак. Биз лойиҳаларни амалга оширишда сифат ва самарадорликни таъминлашга катта эътибор қаратамиз. Бу эришилган натижалар тизимни такомиллаштириш ва қабул квоталарини кенгайтириш натижасида ёш олимларга кенг имкониятлар яратишнинг яққол мисоли. Биз лойиҳаларни танлашда илмий янгилик ва амалий қўлланиш имкониятига катта эътибор қаратамиз. Бу мамлакатда илмий салоҳиятни оширишда муҳим қадамдир, – деди Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б А.Норов.
Шунингдек, жамоатчилик эшитувида айтиб ўтилгани каби давлат дастурлари доирасида хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда 7 та халқаро қўшма танловлар эълон қилинган. Унга кўра, умумий қиймати 20,2 миллиард сўм бўлган қўшма илмий лойиҳалар асосан техника, кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар йўналишларида амалга оширилмоқда. “Олима аёллар-2024” танлови доирасида ғолиб бўлган 55 нафар олимага умумий қиймати 44,7 миллиард сўм бўлган сертификатлар топширилди.
Тадбирда галдаги режаларга ҳам урғу берилди. Унга асосан 2026 йил давомида давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган амалий тадқиқот лойиҳалари сонини 250 тага, фундаментал лойиҳалар сонини 50 тага етказиш, шу орқали жами илмий лойиҳалар сонини 350 тага етказиш режалаштирилган.
Жамоатчилик эшитуви якунида иштирокчилар кўрилган масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА