Халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетининг профессор-ўқитувчиларидан иборат делегацияси айни кунларда Туркиянинг Анқара шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар давомида ўзбекистонлик делегация аъзолари Анқара Йилдирим Боязид университетига ташриф буюрди. Делегация вакиллари ташриф доирасида университет ректори билан учрашиб, илмий-тадқиқот соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
– Айтиш жоизки, Анқара Йилдирим Боязид университети Туркиянинг энг нуфузли олийгоҳларидан бири бўлиб, Анқара шаҳрида жойлашган. Университетга 2011 йил 3 октябрда асос солинган, – дейди УрДУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зафар Ибрагимов. – Анқара Йилдирим Боязид университети билан Урганч давлат университети ўртасида 2024 йилнинг 27 сентябр куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркия - Ўзбекистон учинчи таълим форумида илк ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Бугун мазкур ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда таълим йўналишлари бўйича ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилди. Шунингдек, университетларнинг фаолиятига доир видеороликлар намойиш этилди.
Учрашувдан сўнг ўзбекистонлик делегация аъзолари учун маданий дастур ташкил этилди. Дастур давомида туркиялик санъаткорлар ҳамкорлигида ўзбек миллий мақом санъатимизнинг гўзал намуналари ижро этилди.
[gallery-22358]
Таъкидлаш жоизки, Туркияга бўлган мазкур сафар нафақат икки олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, балки икки қардош халқ орасида дўстлик ришталарини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири