Жорий йил 22 сентябрда “Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Қурилишда техник меъёрлаш маркази” ва “Қурилишда стандартлаштириш республика маркази” негизида давлат муассасаси шаклида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Янги ташкил этилган илмий-тадқиқот институтининг асосий вазифалари, ваколати тўғрисида Қурилишда стандартлаштириш республика маркази бош директори Абулқосим Абдухолиқов куйидагиларни сўзлаб берди.
– Ушбу институт қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқотлар асосида техник жиҳатидан тартибга солиш, яъни меъёрлаш ва стандартлаштириш ишларини олиб бориш, миллий классификатор ва электрон каталогни юритиш бўйича ваколатли давлат муассасаси ҳисобланади. Шунингдек, бино ва иншоотларни ахборот моделлаштиришда BIM-технологияларини жорий этиш, қурилиш соҳасида нархларни шакллантириш ва унинг механизмларини аниқлаш масалалари бўйича ваколатли давлат муассасасидир.
Қолаверса, институт давлат муассасаси бўлишига қарамасдан хўжалик усулида фаолият юритади. Яъни илмий-тадқиқотлар ҳамда шартнома асосида бажариладиган ишлар ва хизматлардан тушадиган даромадлар ҳисобидан ўзини молиялаштиради.
Фундаментал тадқиқотларга асосланган илмий ишларни олиб бориш мақсадида институтда маҳаллий ва хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда докторантура ҳамда мустақил изланувчанлик асосида илмий кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тадқиқотларни чуқурлаштириш ва унга ёш мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида олий таълим муассасалари талабалари таркибидан иборат стажёрлар жалб этилади. Шу билан бирга, мавжуд Комплекс қурилиш синов лабораторияси моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади ҳамда бошқа замонавий билим ва кўникмаларни талаб этувчи йўналишларда ишлар олиб борилади.
Институтнинг асосий вазифаси соҳага оид хорижий илғор тажрибаларни, жумладан стандартлар, нормалар ва қоидаларни, қурилишда нархларни шакллантириш бўйича меъёрий-техник ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил қилишдан иборат. Шунингдек, улар асосида техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатларни такомиллаштириб боради. Техник жиҳатдан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар, қурилиш соҳасидаги хорижий стандартлар, нормалар ва қоидаларнинг ягона реестри, электрон базаси ва фондини шакллантиради ва юритади.
Қолаверса, лойиҳалаш, қурилиш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида янги, замонавий ва илғор тажрибаларни ўрганади ва таҳлил қилади. Шу билан бирга, илмий-тадқиқотлар олиб бориш орқали янги технологияларни яратиш ва жорий этиш вазифасини бажаради.
Қурилишда BIM-технологияларини жорий этишда имплементатор (жорий этувчи) функциясини бажаради. Институтда ташкил этилаётган BIM-сервер ва ахборотларни қайта ишлаш маркази фаолиятини йўлга қўйиш, ахборот моделларининг марказлашган банкини шакллантириш ва юритишни ўз зиммасига олади.
Мақсадли дастурлар доирасида қурилишда халқаро тажрибаларга асосланган BIM-стандартларини ва ягона талабларни ишлаб чиқиб, уларни такомиллаштириб боради. BIM-технологияларини буюртмачи, лойиҳалаш ва қурилиш босқичларида жорий этиш ҳолатининг мониторингини юритади.
Хорижий ва халқаро стандартлаштириш ташкилотларига Қурилиш вазирлиги номидан аъзо бўлиб, хорижий консультантлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Соҳага оид техник жиҳатидан тартибга солишга доир миллий норматив ҳужжатлар базасини такомиллаштиришга хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, шаҳарсозлик фаолияти статистикасини тўплайди ва уни таҳлил қилади. Предикатив моделларни қуриш имконини берувчи таклифларни ишлаб чиқади. Мазкур ишларни давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширади.
Қурилиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларнинг боришини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, қурилишда нархларни шакллантириш тизимини ва ресурслар сарфи бўйича норматив базани такомиллаштириб бориш ҳам асосий вазифаларидан.
Лойиҳа ҳужжатлари таркибида қурилиш сметаларини ишлаб чиқишнинг “ҳажм” услубини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда қурилишда нархларни шакллантириш, шунингдек, миллий классификатор ва электрон каталогни юритиш ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, хориждан келтирилган қурилиш техникалари, машина-механизмлари, технологиялари, буюмлари ва материалларини синовдан ва хронометраждан ўтказиш, бирламчи сертификатлаш ёки хорижий сертификатларни тан олиш ишларини ташкил этиш ҳамда шу асосда норматив ҳужжатларни ва миллий классификаторни такомиллаштиришга эътибор қаратади.
Илғор хорижий тажрибалар ҳамда олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида зилзилабардош қурилиш технологияларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, уларни такомиллаштириш ва қурилишда қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Шу билан бирга, соҳага оид тегишли йўналишларда кадрларни қайта тайёрлайди ва малакасини оширади.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида келтирилган қарори билан 2023 йилнинг 1 мартидан бошлаб марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг смета қийматини аниқлаш Қурилиш вазирлиги томонидан жорий этиладиган “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформаси асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Миллий классификаторга киритилган қурилиш материаллари ва хизматлари бўйича ишлаб чиқарувчи томонидан таклиф этилаётган нархларнинг электрон каталогини жорий қилиш кўзда тутилган.
Институт томонидан юритиладиган миллий классификатор ва электрон каталог Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Товар-хом ашё биржаси ва бошқа вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ҳолда юритилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА