Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илмий муассаса мутахассислари комплекс геотехник тадбирларни амалга оширди
13:27 / 2025-06-17

“Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти” давлат муассасаси юртимизда ер ости сувлари, тупроқ қатламлари ва тоғ жинсларининг геологик хусусиятларини ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда улар асосида қурилиш ва қидирув ишлари учун илмий ва амалий асос яратиш билан шуғулланадиган етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан ҳисобланади.

Институт мутахассислари томонидан мамлакатнинг турли ҳудудларида, жумладан, Қизилқум минтақасида ҳам мунтазам равишда муҳандис-геологик тадқиқотлар олиб борилмоқда.  

Яқинда Навоий вилоятида жойлашган Қизилқум марказий геология қидирув экспедицияси объектларида институт мутахассислари томонидан комплекс геотехник ишлар амалга оширилди.  

Тадқиқотлар доирасида бурғилаш ишлари олиб борилиб, геологик қудуқлардан олинган керн намуналари махсус далалар журналлари асосида белгиланган меъёрлар бўйича ҳужжатлаштирилди. Жойдаги амалиёт давомида ер ости қатламларининг ҳолати, структураси ва геомеханик хусусиятлари аниқ кузатувлар асосида баҳоланди. 

Кейинчалик ушбу намуналар “Грунтлар ва тоғ жинсларининг физик-механик хусусиятларини таҳлил қилиш” лабораториясига юборилди. Бунда уларнинг зичлик, мустаҳкамлик, намликни сақлаш қобилияти, сиқилиш, шишиш каби муҳим кўрсаткичлари аниқланади. Бу маълумотлар қурилиш ишларини лойиҳалаш ва геотехник хулосалар тайёрлашда асосий манба бўлиб хизмат қилади.  

Таъкидлаш керакки, шу каби тадқиқотлар мамлакатимизда қурилиш соҳасини геология-геотехника маълумотлари билан таъминлаш, ер ости хавфларини олдиндан баҳолаш, табиий хатарлар хавфини камайтириш ва барқарор инфратузилма яратишда муҳим ўрин тутади.  

“Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти” мутахассислари ушбу жараёнларда илмий ёндашув ва кўп йиллик амалий тажриба асосида юқори самарага эришяпти. Уларнинг ишлари нафақат ҳудудларнинг геологик салоҳиятини аниқлаш, балки ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳам хизмат қилмоқда. 

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА