Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ветеринарияда озиқ-овқат хавфсизлиги: биологик хавфсизлик ва экологик барқарорлик масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг Тошкент филиали ўқитувчилари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат маркази мутахассислари, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этишди.
“Ветеринария диагностикаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги” кафедраси томонидан ташкил этилган анжуман мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги, биологик хавфсизлик ва экологик барқарорлик соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг илмий асосларини мустаҳкамлаш, соҳадаги илмий салоҳиятни ошириш ҳамда фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга бағишланди.
Анжуманда турли йўналишларда илмий маърузалар тингланди. Хусусан, Зооинженерия кафедраси катта ўқитувчиси, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори (DSc) А.Уримбетовнинг “Қорақалпоқ сур ва коракўл қўйлари маҳсулдорлигини оширишнинг илмий асослари ва селекцион усуллари” мавзусидаги маърузасига алоҳида эътибор қаратилди.
– Қорақалпоқ сур ва коракўл қўйлари маҳаллий иқлим шароитига яхши мослашган зотлар сифатида юқори маҳсулдорликга эга. Илмий тадқиқотларимизда уларда генетик танлаш ва селекцион усулларни такомиллаштириш орқали маҳсулдорликни ошириш имкониятларини илмий жиҳатдан асослаяпмиз. Бу чорвачилик маҳсулотлари ҳажми ва сифатини барқарор оширишда муҳим омил бўлади, – дейди А.Уримбетов.
Конференция доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги ва ветеринария соҳасидаги илмий изланишларнинг янги тенденциялари, инновацион ёндашувлар ҳамда соҳани ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Тадбир илмий тажрибаларни умумлаштириш, мутахассислар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёш олимларни илмий изланишларга фаол жалб этишда катта илмий аҳамиятга эга бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА