Қозоғистондаги нуфузли, халқаро рейтингларда Топ–300 таликка кирувчи Сатбаев номидаги миллий техника университети ҳамда Гулистон давлат университети ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари расмий равишда йўлга қўйилди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида бир қатор устувор йўналишлар бўйича келишувларга эришилди. Жумладан, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурларини ташкил этиш, робототехника ҳамда сунъий интеллект соҳаларида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, Scopus базасида индексланувчи қўшма илмий мақолаларни чоп этиш, шунингдек педагог кадрларнинг малакасини ошириш мақсадида турли тренинг ва семинарлар ўтказиш режалаштирилди.
Шунингдек, келгусида қўшма таълим дастури асосида “Робототехника ва сунъий интеллект” йўналишини ташкил этиш бўйича ҳам ўзаро келишувга эришилди. Бу ўз навбатида икки олий таълим муассасаси ўртасида илмий ва инноватсион интеграцияни кучайтириш, халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда замонавий технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
– Бундай қўшма лойиҳалар замонавий талабларга мос мутахассисларни тайёрлашда, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Гулистон давлат университетининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилмурод Эшмуродов. – Университетлар ўртасидаги академик алмашинув ва қўшма илмий лойиҳалар талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун халқаро тажриба орттириш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорлик нафақат академик имкониятларни кенгайтириш, балки олий таълим ва илмий фаолиятда замонавий талабларга мос қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири