Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланиш, шунингдек, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторларининг бажарилиш ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекистон Республикасининг “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида вазирлик ва идораларга 557 та мақсадли индикаторни бажариш ҳамда уларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни Қонунчилик палатасида муҳокама қилиш ва эшитиш тизимини жорий этиш белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, вазирлик ва идораларнинг мақсадли индикаторлар ижроси юзасидан ахборотлари эшитиб борилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг ахборотига кўра, мазкур мақсадли индикатор ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилган. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларида фаолият юритаётган 28 минг 35 нафар педагог кадрлардан 10 минг 23 нафарига малака тоифаси берилиб, ушбу тоифага эга педагог кадрлар улуши 35,8 фоизга етказилган. Илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар сони 16 минг нафар этиб белгиланган. Айни вақтда уларнинг сони 18 минг 600 нафарни ташкил этади ва ижроси 116,3 фоизга бажарилган.

Давлат олий таълим муассасалари магистратурасига талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 6 минг 619 нафарни ташкил этиши белгиланган. 30 июнь ҳолатига кўра, талабаликка қабул қилиниб, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони 10 минг 20 нафарни ташкил этган ва ижроси 151,4 фоизга бажарилган.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга уларнинг амалиётни ўташи даврида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида бериладиган ҳар ойлик субсидиялар ажратиш дастури асосида 5 миллиард сўм ажратилган.
Муҳокамаларда халқ вакиллари томонидан ҳар йилги давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиш, бунда мақсадли индикаторлар ижросига қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш ва уни мунтазам амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар берилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА