Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти ташаббуси билан Сирдарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасида “Гемодиализ ва гемотрансфузия олаётган беморлар орасида парентерал вирусли гепатитларнинг ташхисоти ва давоси” мавзусида илмий-амалий ўқув- семинари ташкил этилди.
Ушбу семинарнинг асосий мақсади – парентерал вирусли гепатитлар, хусусан В ва С гепатити каби хавфли касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш ва олдини олиш бўйича тиббиёт ходимларининг назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, гемодиализ ва қон қуйиш (гемотрансфузия) муолажаларини олаётган беморлар орасида ушбу касалликларнинг тарқалишини чеклаш мақсадида халқаро тажрибалар асосидаги ёндашувлар муҳокама қилинди.

Семинарда етакчи мутахассислар, юқумли касалликлар шифокорлари, лаборатория ва эпидемиологик хизмат вакиллари иштирок этиб, вирусли гепатитларнинг замонавий ташхис усуллари, клиник кўринишлари, даво протоколлари ва профилактика чоралари ҳақида батафсил маълумотлар беришди.
– Бу каби семинарлар жуда муҳим. Чунки сўнгги вақтларда аҳоли орасида гепатит В ва С инфекциялари бирмунча кўпайган. Уларнинг олдини олиш ва профилактика қилишда тиббиёт ходимларининг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дейди Вирусология илмий текшириш институти илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Эътибор Эгамова.

Тадбир доирасида амалий машғулотлар ҳам ўтказилди. Қатнашчилар гепатит вирусларини аниқлашда қўлланиладиган ПЦР, ИФА ва бошқа замонавий лаборатория усулларини ўрганишди. Шу билан бирга вирусли гепатитлар билан касалланган беморларга нисбатан шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш ҳамда касалликнинг юқиш йўлларини бартараф этиш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.
Семинар якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди ва вирусли гепатитлар билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни яхшилашга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири