French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илмга таянган таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг муқобил йўли эмас, ягона танлови
21:53 / 2026-01-14

Муносабат

Бугунги дунё тараққиёти шуни кўрсатмоқдаки, давлатларнинг иқтисодий қудрати табиий бойликлар ёки географик жойлашув билан эмас, балки илм-фан, инновациялар ва интеллектуал салоҳият билан белгиланмоқда. Замонавий тараққиёт шароитида рақобатбардош бўлиш учун жамиятда билимли, мустақил фикрлайдиган ва инновацион ёндашувга эга кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Ўзбекистонда олий таълим тизимини илм-фан ва инновациялар асосида янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон халқига йўлланган навбатдаги Мурожаатнома ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда ишлаб чиқилган муҳим сиёсий ҳужжат бўлди. Унда олий таълим, фан ва инновациялар масалалари мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ғоялар Янги Ўзбекистонни барпо этишда илмий салоҳият ва замонавий таълимнинг ҳал қилувчи ўринга эгалигини яна бир бор тасдиқлади.

Президент Мурожаатномада таъкидлаганидек, Илм-фан ва инновациялар бўлмаса, ҳеч қайси соҳада барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу фикр олий таълим тизими олдига тубдан янгича вазифаларни қўймоқда. Эндиликда университетлар фақат билим бериш билан чекланиб қолмасдан, илмий изланишлар, инновацион ишланмалар ва янги технологиялар яратиладиган марказларга айланиши зарур.

Замонавий олий таълимнинг асосий вазифаларидан бири — фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам интеграцияни таъминлашдир. Илмий тадқиқотлар реал сектор эҳтиёжларига мос келган тақдирдагина уларнинг жамият учун амалий аҳамияти ортади. Шу маънода олий таълим муассасаларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш, уларнинг натижаларини иқтисодиёт тармоқларига жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда инновацион иқтисодиёт шароитида билимнинг ўзи етарли эмас. Талабалар ва ёш мутахассислар замонавий технологияларни пухта эгаллаган, муаммоларга ижодий ёндаша оладиган, ташаббускор шахслар бўлиши лозим. Шу сабабли олий таълим муассасаларида стартап лойиҳалар, илмий лабораториялар, технопарклар ва инновацион марказлар фаолиятини кенгайтириш долзарб вазифага айланди. Бу жараён талаба-ёшларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш билан бирга, уларни меҳнат бозорига тайёр ҳолда етиштиришга хизмат қилади.

Президент Мурожаатномасида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: “Илмга интилаётган ёшларимиз учун барча шароитларни яратиб бериш — давлатимизнинг устувор вазифасидир”.  Грантлар, стипендиялар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш механизмларининг кенгайтирилиши уларнинг илмга бўлган қизиқишини янада оширмоқда. Ёш олимларнинг ғоялари ва ташаббуслари мамлакат илмий салоҳиятининг келажакдаги асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Шу билан бирга, олий таълим тизимида рақамли трансформация жараёнлари ҳам жадаллик билан кечмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий ахборот тизимларини таълим жараёнига жорий этиш билим олиш шаклларини тубдан ўзгартирмоқда. Масофавий таълим, онлайн платформалар ва электрон ресурслар таълимнинг қамрови ва сифатини оширишда муҳим воситага айланмоқда. Бу эса олий таълимни янада очиқ, мослашувчан ва замон талабларига жавоб берадиган тизимга айлантиради.

Ҳудудий олий таълим муассасалари ҳам мазкур жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида олий таълим, фан ва инновацияларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳудуднинг илмий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Маҳаллий университетларда инновацион муҳитни шакллантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва ёш кадрларни рағбатлантириш орқали ҳудудий ривожланишга мустаҳкам замин яратилмоқда.

Олий таълим тизимида профессор-ўқитувчиларнинг ўрни ҳам беқиёсдир. Илмий салоҳиятли, тажрибали ва замонавий ёндашувга эга устозларсиз сифатли таълимни тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис уларнинг илмий ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, нуфузини ошириш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш таълим сифатини юксалтиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, илм-фан ва инновациялар асосида ривожланган олий таълим тизими Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда. Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг изчил ва самарали амалга оширилиши натижасида замонавий билимга эга, инновацион фикрлайдиган, рақобатбардош ва ватанпарвар кадрлар етишиб чиқади. Бу эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Аманжол Аяпов,

Қорақалпоғистон Республикаси 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири

ЎзА