Жиззах давлат педагогика университети профессори Зуҳра Яхшиева портретига чизгилар
Кафедра эшигини эҳтиёткорона тақиллатдим. Ичкаридан сокин, лекин ишончли овоз янгради: Марҳамат, кираверинг.
Хонага кирганимда, аввало, жавонга тартиб билан терилган, турли мавзудаги китобларга кўзим тушди. Столда эса иш билан боғлиқ қоғозлар, ҳар хил газета ва журналлар. У бошини китобдан кўтариб, ним табассум билан мени қарши олди. Унинг чеҳрасида илмий муҳитга хос жиддийлик ва меҳр мужассам.

Бу аёл Жиззах давлат педагогика университети табиий фанлар факультети декани, кимё фанлари доктори, профессор Зуҳра Яхшиева эди.
Яқинда у 2024–2025 йиллар учун “Ўзбекистоннинг энг яхши олимаси” нуфузли мукофотига лойиқ деб топилди. Бу эътироф қирқ бир йиллик садоқат, изланиш ва матонатнинг мантиқий самараси бўлди.
Зуҳра опани яқиндан таниганлар унинг икки жиҳатини алоҳида таъкидлайдилар: қатъият ва меҳр. Дарс жараёнида талабчан, илмий ишда муросасиз, аммо инсон сифатида бағри кенг. Кафедра эшигидан кирган талабанинг кўзидан хавотирни илғаб, унинг дардини тинглай олиш — ҳар қандай устозга насиб этавермайдиган фазилат. Илмда талабчанлик ва қалбда меҳр уйғунлашган жойда ҳақиқий устозлик мактаби вужудга келади.

400 га яқин илмий ишлар, 4 та дарслик, 7 та монография, ўнлаб ўқув қўлланмалари, ихтиро ва патентлар — булар шунчаки статистик рақамлар эмас. Ҳар бир рақам ортида тунги меҳнат, қайта-қайта ўтказилган тажрибалар, муваффақиятсиз чиққан натижалар ва яна бошидан бошланган тадқиқотлар ётади. Илм — сабрни синаб, иродани чархлайдиган йўл.
Унинг “Utilizing Deep Learning and the Internet of Things to Monitor the Health of Aquatic Ecosystems to Conserve Biodiversity” (Биоихтилофни муҳофаза қилиш мақсадида сув экотизимларининг ҳолатини чуқур ўқитиш ва ақлли қурилмалар тармоғи ёрдамида мониторинг қилиш) номли илмий мақоласи халқаро майдонда катта қизиқиш уйғотди. 109 та иқтибос — бу шунчаки рақам эмас, балки илмий фикрнинг эътирофи, тадқиқот натижаларининг долзарблигидан далолатдир. Бу каби тадқиқотлар замонавий рақамли технологиялар, экологик барқарорлик ва инновацион ёндашувлар устувор аҳамият касб этаётган даврда алоҳида қимматга эга.

Зуҳра Яхшиева — фақат олима эмас, илмий мактаб яратган устоз. Унинг раҳбарлигида етти нафар шогирди PhD даражасини олди. Бугун яна бир неча докторант ва мустақил изланувчилар унинг маслаҳати ва йўл-йўриғи билан илмий изланишлар олиб бормоқда. Республика ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлаётган ёшлар — устоз меҳнатининг энг ёрқин самарасидир.
— Менинг ютуғим — уларнинг ютуғи, — дейди у табассум билан. — Улар қанча юксалса, мен шунча бахтлиман.
Москвадан Анкарагача, Бакудан Минсккача бўлган илмий минбарлар, KIWIE халқаро кўргазмаларидаги олтин ва кумуш медаллар — булар унинг илмий даражасини белглайди. Аммо Зуҳра опа мукофотлар ҳақида гапиришни хуш кўрмайди.

— Асосийси — илм билан одамларга хизмат қилиш, — дейди у қатъият билан.
Дид билан танланган либос, вазмин қомат, ишончли нигоҳ. Сўзлаганда овози баланд эмас, лекин қатъий янграйди. Унинг қарашларида мулоҳаза, гапларида мантиқ мужассам.
Бугун у замонавий таълим технологияларини жорий этиб, амалий ва фундаментал лойиҳаларга раҳбарлик қилмоқда. Яратган “Kimyogarlar” таълим платформаси талабалар учун рақамли билим майдонига айланди.
Оилада эса фарзандларига талабчан она, набиралари учун ширинсўз буви, турмуш ўртоғига эса ишончли елкадош. Илм билан уй ўртасидаги нозик мувозанатни сақлаш — ҳар қандай аёл учун синов. Зуҳра опа бу синовдан муваффақиятли ўтиб келмоқда.

Бугун мамлакатимизда аёлларнинг илм-фан ва жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Ана шундай фидойи олималар бор экан, юртимиз илм-фани юксалишдан тўхтамайди.
Зуҳра Яхшиева ҳаёти бир ҳақиқатни тасдиқлайди: чин олима бўлиш учун инсонга фақат билим олишнинг ўзи етмайди, унда жўшқин қалб ҳам бўлиши керак. Чунки интилишга майли йўқ, сўниқ қалбда кашфиёт туғилмайди.
Миллат тараққиёти — илмга, илм тараққиёти эса фидойи устозларга боғлиқ. Шу маънода, Зуҳра Яхшиева тимсолида биз нафақат бир олимани, балки Янги Ўзбекистоннинг интеллектуал қиёфасини кўргандай бўламиз.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири