Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, техника ва инновациялар” тўғрисидаги резолюцияга мувофиқ 11 февраль Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни сифатида нишонланади.
Ушбу сана жаҳон ҳамжамияти томонидан хотин-қизларнинг илм-фанга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг инновацион ривожланишдаги ўрни ва фаол иштирокини оширишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътироф этилган. Шу муносабат билан мамлакатимизда ҳам ҳар йили турли маърифий ва тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, хотин-қизларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қарши давлат университетида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор Комила Карамова билан учрашув ҳам мазкур йўналишдаги муҳим тадбирлардан бири бўлди. Учрашувда илм-фан соҳасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ёш қизларни илмий изланишларга кенг жалб этиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Аминова, Ўзбекистон Қаҳрамони М.Шаропова, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил – Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Л.Саодатова, шунингдек, Қарши давлат университети Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ҳамда психологик маслаҳат маркази раҳбари Ш.Карамовалар сўзга чиқиб, хотин-қизларнинг илм эгаллаши, жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги ўрни, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига тўхталди.

Сенатор Комила Карамованинг фаолияти мисолида вилоятда хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган долзарб вазифалар муҳокама этилди. Таъкидланганидек, илмли ва фаол хотин-қизлар барқарор жамиятни шакллантиришда муҳим куч ҳисобланади.
Тадбир давомида талабалар ва иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири