Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм – жаҳолат душмани, маърифат эса – тинчлик ва тараққиёт пойдевори
10:41 / 2025-07-08

Шофиркон туманида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда туман ҳокими ўринбосари А.Қазоқов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиси, сиёсий фанлар доктори Жавоҳир Собиров, тегишли соҳалар вакиллари, барча таълим муассасалари директор ва педагоглари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган сиёсий фанлар доктори Жавоҳир Собиров глобаллашув жараёнлари ва рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши натижасида ижтимоий тармоқларда, баъзан эса ички ва ташқи манбалар орқали Конституцияга зид, жамият бирлигига таҳдид солувчи фикрлар ва ғоялар тарқалаётганига эътибор қаратди. Шунингдек, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, балки жаҳолатга етакловчи ҳаракатлар кўзга ташланаётганини алоҳида таъкидлади.

— Жаҳолат – зулмат, илм эса нурдир. Зулматни фақат нур билан енгиш мумкин. Ислом дини ҳам аввало билим олишни, сабр ва эзгуликни тарғиб қилади. Ҳадисларда “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздур”, деб бежиз айтилмаган, – деди туман ҳокими ўринбосари А.Қазоқов.

Тадбир давомида ёшларни ижтимоий тармоқларда учраётган нотўғри, радикал ғоялардан асраш, уларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ватанпарварлик руҳида вояга етказиш борасида иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини билдиришди.

Маънавий-маърифий тарғибот ишларининг навбатдаги манзили “Бухоро агрокластер” МЧЖ таркибидаги “Amirtex” тикувчилик комплекси бўлди. Унда корхонанинг 800 нафарга яқин ишчи-ходимлари иштирок этди. Мазкур учрашувда ҳам диний экстремизмга қарши фақат билим, тафаккур ва маърифат воситасида курашиш мумкинлиги алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, тадбир давомида маҳалла фуқаролар йиғинларининг “маҳалла еттилиги” аъзолари, имом хатиблар ва отинойилар билан учрашув ўтказилди. 

Тадбирда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ёлғон чақириқ ва бузғунчи ғояларга нисбатан огоҳликни кучайтириш, бу борада давлат ва жамоатчилик ҳамкорлигини кенгайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани алоҳида таъкидланди.

Дилором ҒАФФОРОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари

ЎзА