Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм ва зиё улашувчи инсонларнинг қадри улуғланган жамият ҳамиша юксалади
13:33 / 2025-09-19

Муносабат

Илм тарқатиб, зиё улашувчи инсонларнинг қадри юксак жамият ҳеч қачон тараққиётдан мосуво бўлмайди. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон маёғини айнан таълим соҳасига алоҳида устувор аҳамият бериб, юксалтирмоқда.

Жумладан, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида соҳа ходимлари билан мулоқот ўтказди. Юртимиз ҳудудларидан тадбирга 40 мингдан зиёд педагог уланди ва шулар қаторида мен ҳам мазкур тадбирда иштирок этиб, давлатимиз раҳбарининг нутқлари орқали таълим соҳасидаги истиқболли масалалардан бохабар бўлдим. 

Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари ўз ҳаётини ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек дунёдаги энг улуғ ишга бағишлаб келаётган барча муаллим, профессор ва ўқитувчиларни – бир миллионлик педагоглар жамоасини ана шу қутлуғ байрам билан муборакбод этди.

Айтиш лозимки, бугун ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнати шахсан Президент назарида экан, бу юртда таълим беришга ва илм олишга иштиёқ кундан-кунга ошаверади десам, муболаға бўлмайди. Боиси мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги муаллим ва мураббийлар ҳам ислоҳотлар натижасини ўз ҳаётида сеза бошлади. Бизга соҳа вакили сифатида миллий ғурур ва илм қудратини намойиш этишимизда бугунги кунларнинг салмоғи беқиёсдир. Зеро, Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлардир, – деди Президент ўз нутқида.

Дарҳақиқат, фарзанд дунёга келиши биланоқ, оламга илм, яъни ўрганиш нигоҳи билан боқади. Унинг учун дунёнинг ҳар бир воситаси қизиқ ва ранг-барангдир. Гўдакнинг забони, жисми қувватга тўлиб улгурмаган бўлса-да, кўзлари ва ақли дунёни ўрганиш иштиёқи билан боқаётганини сезмаслик мумкин эмас. Айни нозик жиҳатларни теран англаган ҳолда ислоҳотларимизнинг илк босқичидаёқ мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.

Маълумотларга таянадиган бўлсак, 2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам боғча йўқ эди, қамров 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда боғчалар сони 38 мингдан, қамрови эса 78 фоиздан ошди. Бу келажакда ҳар бир бола айнан оламни ҳис этиш, ўрганиш даврини илмсиз ўтказмаслигидан далолат эмасми? Боиси ўрганиш иштиёқи болада энг чўққида бўлган давр айнан унинг забони ва жисми такомиллашаётган даврига тўғри келадида. Яқинда таълим соҳасида эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар ҳисобига боғча кириб бормаган бирорта маҳалла қолмаслиги, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмаслиги таъкидланди. 

Сир эмас, ҳозирда юртимиздаги 7 мингдан ортиқ давлат боғчаларида 120 мингга яқин педагог бўлгани билан уларнинг атиги 34 фоизи олий маълумотга эга. Эндиликда эса, давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олийгоҳларда ўқитиш йўлга қўйилиб, йилига 10 минг тарбиячи олий маълумотли қилинади. 

Президентимиз эътиборини бежиз мактабгача таълим йўналишидан бошламади. Пойдевор мустаҳкам бўлса, ҳар қандай бунёдкорликни ишонч билан қилиш мумкин. Келажакка йўл ҳам ишонч билан бошланади.

–Халқимизнинг келажаги мактабдан бошланади. Чунки фарзандларимизга билим ва тарбия беришнинг энг узоқ давом этадиган, керак бўлса, ҳал қилувчи босқичи бу – мактаб таълимидир, – деди давлатимиз раҳбари ўша кунги нутқида.

Маълумотларга кўра, ҳозирда юртимиздаги мактабларда 6,5 миллион ўқувчи таълим оляпти. Бу йил мактабларни 400 мингга яқин ўқувчи битирган бўлса, 1-синфларга 720 минг бола қабул қилинган. Шу боис, сўнгги саккиз йилда 500 га яқин янги мактаблар қурилгани, мавжудларининг кенгайгани ҳисобига 1 миллион ўқувчи ўрни яратилди. 

Ҳар йили ўн минглаб мактаб ўқувчилари хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар оляпти. Масалан, 2016 йилгача жами 2 минг нафар мактаб ўқувчиси сертификат олган эди. Ўтган йили биргина хорижий тилларнинг ўзидан 150 минг ёшларимиз халқаро сертификатга эга бўлди. Энди бундай сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олиниши айтилди. 

Мана шунинг ўзи юрт келажагини таъминлашда таълимга берилаётган эътибордан далолатки, унинг рўёбини соҳанинг ривожи ва соҳа вакилларининг қувончида кўряпмиз. Шу билан бирга, ўқувчи-ёшларнинг истеъдодини ҳар босқичда қўллаб-қувватлаш йўлида имкониятлар берилаётгани ҳам, уларда ўзига ва давлатига ишонч ва садоқат билан хизмат қилиш иштиёқини оширмоқда. 

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, тараққиёт йўлида таълимнинг устувор ва етакчи экани юртимиз тарихида зиёлиларимиз томонидан ҳамиша эслатиб келинган масала эканини яхши англаймиз. Аммо ҳамма даврларда ҳам буни англовчилар топилмаслигига кўп бор гувоҳ бўлган халқмиз. Бугун эса, файзли мақсадларимизга фақат илм билан эришишга жазм этган кунлар ва улуғ мақсадларга етакловчи давлатимиз раҳбарига таянч бўладиган онларнинг келганига барчамиз гувоҳмиз. 

Феруза ТОҒАЕВА,  

 Самарқанд шаҳридаги  

81-умумтаълим мактаби 

 ўқитувчиси, “Халқ таълими аълочиси” нишони соҳиби. 

ЎзА