Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Ўзбекистон миллий метрология институти таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади. Келишув талабаларнинг амалий тайёргарлигини ошириш, лабораториялар ва ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқин ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутади.
Меморандум доирасида филиалнинг “Озиқ-овқат технологиялари”, “Энергетика ва атроф-муҳит муҳандислиги” ва “Автоматика ва технологик жараёнлар” кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари Миллий метрология институтида амалий машғулотлар, илмий-техник тажрибалар ва ўқув-тажриба жараёнларида иштирок этади. Томонлар илмий-техник маҳсулотлар яратиш, уларни амалиётга жорий этиш ва саноат–илм-фан интеграциясини ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб олишди.

Келишув асосан талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётини ташкил қилиш, битирув малакавий ишларига илмий раҳбарлар тайинлаш, кафедралар ва институт мутахассислари ўртасида илмий-татқиқот фаолияти самарадорлигини оширишни ўз ичига олади.

Тадбирда ТКТИ Янгиер филиали директори Зафар Ҳакимов, Миллий метрология институти директори маслаҳатчиси Барно Унгбоева, институтнинг Сирдарё филиали бошлиғи Ғанишер Солижанов ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг маънавий-маърифий ишлар, давлат тили ва илмий-тадқиқот масалалари бўйича маслаҳатчиси Наибахон Мамадалиевалар иштирок этишди. Улар ҳамкорликнинг аҳамияти, таълим жараёнида метрология стандартларининг ўрни ва саноат корхоналари билан ўзаро алоқаларни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.

Мутахассислар ушбу меморандумни Янгиерда замонавий инженер-техник кадрларни тайёрлаш, таълим сифатини юксалтириш ва саноатга йўналтирилган ўқув дастурларини ривожлантиришда муҳим омил сифатида баҳоладилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири