Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм ва медиа оламидаги фидойилик
09:33 / 2026-03-08

ФОТОРЕПОРТАЖ

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти, филология фанлари доктори (DSc) Қумар Бегниёзова илм, таълим ва журналистика соҳаларида самарали фаолият юритиб келмоқда.

У университетда журналистика ихтисослиги бўйича талабаларга ўзбек, қорақалпоқ ва инглиз тилларида сабоқ бериб, ёшларнинг касбий билимлари билан бирга мустақил фикр ва замонавий медиа тафаккурини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Қ. Бегниёзова ташаббуси билан университетда ташкил этилган “Ёшлар медиа маркази” бугун иқтидорли талабалар учун ижодий майдонга айланган. Марказда талабалар амалий журналистика сирларини ўрганиб, турли медиа контентлар тайёрлашда иштирок этмоқда. Айни пайтда марказ фаолиятига 100 нафарга яқин ёш жалб қилинган.

Устоз таълим жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланишга алоҳида аҳамият қаратади. Кембридж тажрибаси асосида жорий этилган “Platform Internet PR” ижтимоий тармоқ платформаси талабаларнинг медиа соҳасидаги амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Олиманинг илмий изланишлари ҳам кенг қамровли. Унинг “Қорақалпоғистонда интернет журналистикаси ва медиада янги трендлар”, “Қорақалпоғистонда интернет журналистикаси: шаклланиш ва ривожланиш хусусиятлари” номли ўқув қўлланмалари ҳамда “Журналистикада гиперматн хусусиятлари ва уни яратиш алгоритми” монографияси нашр этилган. Шунингдек, олиманинг 70 дан ортиқ илмий мақола ва тезислари халқаро илмий журналларда эълон қилинган.

2019 йилда унинг ташаббуси билан талабалар иштирокида kar24.uz интернет нашри ташкил этилди. Мазкур лойиҳа талабаларнинг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка тақдим этишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ташаббус 2019 йилги “Олтин қалам” миллий мукофоти республика босқичида интернет журналистикаси йўналишида 2-ўрин билан тақдирланган.

Қумар Бегниёзова ижодкор сифатида ҳам танилган. Унинг “Хат”, “Болалик йилларидан хотиралар”, “Содиқлик”, “Ёмғирлар” каби бадиий асарлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.

[gallery-28048]

Айни пайтда у талабалари билан бирга сунъий интеллект ёрдамида газета нашр этиш лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Бу ташаббус замонавий медиа имкониятларини таълим жараёни билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Қумар Бегниёзованинг фаолияти илм ва ижод орқали ёш авлодни тарбиялаш, журналистика соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА