Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм ва маърифат йўлидаги изланишлар самараси
13:03 / 2026-03-06

ФОТОРЕПОРТАЖ

Мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида янги авлод олимлари етишиб чиқмоқда. Ана шундай изланувчан, ташаббускор ва сермаҳсул тадқиқотчилардан бири – Маҳбуба Муҳаммадова. У 2009 йилда адабиёт йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.

Болалигидан шеъриятга қизиққан Маҳбуба Бухоро туманидаги 42-умумтаълим мактабида таҳсил олган пайтлариданоқ эътирофга сазовор бўлган.

Маҳбуба Муҳаммадова 2022 йилдан буён Бухоро давлат университети Филология факультети, Ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида фаолият юритмоқда. 2023 йилда у “Ҳасанхожа Нисорий тазкирасида икки сулолага мансуб ижодкорлар талқини” мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Ҳозирда БухДУда доцент ва докторант сифатида илмий изланишларини давом эттирмоқда.

Олиманинг илмий фаолияти ўзбек адабиётшунослиги, хусусан, тазкирачилик анъаналари ҳамда Темурийлар ва Шайбонийлар даври адабий муҳитини ўрганишга қаратилган. У 50 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади. Жумладан, унинг “Музаккири аҳбоб – нодир адабий манба” (2019) номли рисоласи ҳамда “Бобурий ва Шайбоний ижодкорлар талқини” (2026) номли монографяси илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган. Мазкур тадқиқотларда муаллиф Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” асари асосида икки сулолага мансуб ижодкорлар меросини қиёсий-илмий таҳлил қилган.

[gallery-28011]

Қаҳрамонимиз нафақат олима, балки фаол китобхон ва интеллектуал ўйинлар иштирокчиси сифатида ҳам танилган. У 2023–2024 йилларда ўтказилган “Зукко китобхон” танлови ғолиби бўлган ва 2024 йилдаги “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган. Шунингдек, “Заковат” интеллектуал ўйинларининг “Бухоро давлат университети” ҳамда “Ирфон” жамоалари аъзоси сифатида фаол қатнашмоқда.

2025 йилда Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ҳасанхожа Нисорийнинг ‘Музаккири аҳбоб’ асари” медиалойиҳаси номли илмий-инновацион лойиҳа муаллифи сифатида ҳам илмий жамоатчилик эътиборини қозонди. Ушбу лойиҳа миллий адабий меросни замонавий ахборот технологиялари орқали кенг тарғиб қилиш ва ёшлар онгида тарихий-адабий манбаларга қизиқиш уйғотишга хизмат қилади.

Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА