Меруерт Омонбоева 1998 йил Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. Меруерт болалигидан илмга чанқоқ, интизомли ва изланувчанлиги билан тенгдошлари орасида алоҳида ажралиб турарди.
У дастлаб Нурота туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида информатика йўналишида таҳсил олди. Кейинчалик Навоий давлат педагогика институти Физика-математика факультетида Математика ўқитиш методикаси йўналишини тамомлаб, 2021 йилда имтиёзли дипломга сазовор бўлди. Магистратура босқичини давлат гранти асосида муваффақиятли якунлаб, олий таълим тизимида педагогик фаолиятини бошлади. Ҳозирда у Навоий давлат университети “Бошланғич таълим” кафедрасида ўқитувчи сифатида самарали меҳнат қилмоқда.
Меруерт Омонбоева илмий фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган. У техника фанлари доктори, профессор Дилнавоз Камолова раҳбарлигида физика ва астрономия фанларини ўқитиш методикаси бўйича тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг 50 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва халқаро журналларда чоп этилди, шунингдек, Scopus, Web of Science ва Google Scholar базаларида ҳам эълон қилинган.
Ёш олима бир қатор услубий қўлланмалар ва электрон дарсликларнинг муаллифи ҳисобланади. Унинг “Шарқ астрономияси” ва астрономия тарихи бўйича ишларида буюк аллома Мирзо Улуғбек мероси ва унинг илмий аҳамияти алоҳида ёритилган.
М. Омонбоева нафақат илмий, балки тадбиркорлик соҳасида ҳам фаол. У “Йил талабаси”, “Энг яхши ёш олимлар”, “Интеллектуал изланувчи” каби нуфузли республика ва халқаро танловлар ғолиби бўлган. 2024 йилда эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
[gallery-28032]
Бугунги кунда Меруерт Омонбоева ўз билимдонлиги, ташаббускорлиги ва меҳнатсеварлиги билан ёшлар учун ибрат намунасига айланган. У илмий изланишлар, педагогик фаолият ва инновацион ғоялар орқали мамлакатимиз таълим тизими ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА