Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтказилган очиқ мулоқот сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшлар иштирокини янада фаоллаштириш ва илм – амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътиборга молик бўлди. Учрашувда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақулов, “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университети факультет декани Азиз Иномов ҳамда мазкур университетда таҳсил олаётган сирдарёлик талабалар иштирок этишди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг моҳияти ва пировард мақсадлари кенг таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, бугунги ислоҳотлар фақат инфратузилмани янгилаш ёки бошқарувни такомиллаштириш билан чекланиб қолмай, балки соҳани интеллектуал салоҳиятга таянадиган, замонавий билим ва инновацион ёндашувлар асосида ривожлантиришни назарда тутади.

Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Атақулов ўз чиқишида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда рақамли ечимларни кенг қўллашда юқори малакали кадрлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 2025 йил давомида Сирдарё вилоятида амалга оширилган ишлар ҳам айнан шу тамойилга таянади.
– Сув хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлаш учун назария билан амалиёт ўртасида узилиш бўлмаслиги керак. Шу боис Миллий тадқиқот университети билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, талабаларни ишлаб чиқариш жараёнларига кенг жалб этиш ва уларнинг касбий кўникмаларини амалиётда шакллантиришга алоҳида аҳамият беряпмиз, – деди Нуркамол Отақулов.

Учрашувда ёшлар сиёсати масалалари ҳам марказий ўринни эгаллади. Таъкидланишича, давлат сиёсатида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Сув хўжалиги каби стратегик соҳада билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёш мутахассисларни тайёрлаш эса ушбу сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Мулоқот давомида талабаларнинг таълим жараёни, ишлаб чиқариш амалиёти, илмий изланишлари, ижтимоий фаоллиги ва келгусидаги режалари тингланди. Ёшлар томонидан соҳадаги муаммоларга доир билдирилган таклиф ва ташаббуслар амалий нуқтаи назардан муҳокама қилинди ва уларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида таълим муассасалари ва соҳавий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни тизимли ривожлантириш, ёшлар билан очиқ мулоқотларни мунтазам ташкил этиш ва илм–амалиёт интеграциясини янада кучайтириш сув хўжалиги соҳасида ислоҳотлар самарадорлигини оширишнинг муҳим омили экани қайд этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири