Адабиётшунос ва публицистлар силсиласида алоҳида бир чўққи сифатида кўзга ташланиб, ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти билан уйғун тарзда ўрганиш анъанасини бошлаб берган Озод Шарафиддинов 1929 йил 1 март куни Қўқон яқинидаги Охунқайнар қишлоғида дунёга келди. Тошкентдаги мактабни битириб, Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини тугатгач, аспирантурани Москвада ўқиди.
Ҳар бир адабий турнинг етакчи жанри бўлганидай, адабий-бадиий танқиднинг ҳам машҳур қадимий жанри бор. Бу – адабий-танқидий портретдир.
Озод Шарафиддинов фаолияти давомида ҳам адабий танқидчи, ҳам таржимон, ҳам жамоат арбоби сифатида улкан ишларни амалга оширди. Хусусан, поэзия муаммолари билан шуғулланди, ўзбек шеърияти ва унинг ҳолати ҳақида адабий-танқидий мақолалар ёзди.
У яратган адабий мерос сарҳисоб қилинса, алоҳида чоп этилган асарларининг ўзи 28 тага, вақтли матбуотдаги мақола ва суҳбатлари 385 тага етади. Тўпламлардаги мақолалар, кириш сўзлар, сўзбоши ва сўнгсўзлар 50 дан зиёд, таржима асарлари эса 150 тага яқин бўлгани қайд этилади маълумотларда.
“Замон”, “Қалб”, “Поэзия”, “Яловбардорлар”, “Истеъдод жилолари”, “Биринчи мўъжиза”, “Адабиёт – ҳаёт дарслиги”, “Чўлпонни англаш”, “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар” каби адабий-танқидий рисолалари шулар жумласидандир.
Озод Шарафиддиновнинг мунаққидлик фаолиятида икки давр кўзга ташланади. Биринчи давр шўро тоталитар тузумида кечган бўлиб, унда адабиётни тоталитар мафкура ғояларидан ҳимоя қилиш, адабий қонуниятлар асосида тадқиқотлар олиб бориш муаммолари тадқиқ этилган (“Заҳарханда қаҳқаҳа”, “Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси”, “Юртин мадҳи бўлди сўнгги сатри ҳам”, “Шеър кўп, аммо шоирчи?»).
Иккинчи давр истиқлол йилларини қамраб олади. Бу даврда у миллий адабиётни шакллантириш муаммолари, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилигини қайта қуриш, жаҳон адабиёти анъаналарини ўзлаштириш ҳамда таржима санъатини юксалтириш масалаларини тадқиқ этди. (“Бир тилда гаплашайлик”, “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч”, “Қайдасан, Морико”).
Озод Шарафиддинов ХХ асрнинг 90 йиллари ўрталаригача Ўзбекистон Миллий университети профессори сифатида ишлади. 1995-1997 йилларда “Тафаккур” журнали бош муҳаррири ўринбосари, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири вазифаларида фаолият олиб борди.
У ижодкорлар асарини таҳлил қилиш жараёнида ўзи ҳам ҳар биридан сабоқ, маънавий озуқа олишга ҳаракат қилган. Танқидчиликнинг вазифасини ижодкорга фақат ақл ўргатишда, фақат кўкка кўтариб ёки ерга уришда эмас, асарлардан бадиийликни ахтаришда деб билган.
Олим қайси ижодкор хусусида тўхталмасин – Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Зулфия, Саид Аҳмадми, ҳар бир ёзган мақолаларида уларнинг нафаси сезилиб тургани айтилади.
Озод Шарафиддинов илм ва адабиётга бағишлаган умри давомида юзлаб мақолалар, тақризлар, шарҳлар ёзди.
Олим самарали меҳнатлари учун Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, “Ўзбекистон қаҳрамони”, Самарқанд давлат университети фахрий профессори, Антик дунёни ўрганиш жамоатчилик академиясининг академиги бўлди.
Адабиётшунос олим 2005 йилда оламдан ўтди.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА