Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси таркибидаги ва Ислом цивилизацияси марказидаги музейлар инсон тарбияси, илм олиши ва тарихни англашда бениҳоя аҳамиятга эга эканини яна бир бор намойиш этди.
Тарихнинг эса катта-кичиги ёки узоқ-яқини бўлмайди. У ўз номи билан тарих. Шундай экан, Фарғона давлат университетининг табиий фанлар факультетида ташкил этилган музей ҳам аҳамияти жиҳатидан бошқалардан кам эмас.

95 йиллик тарихга эга бу қутлуғ даргоҳ табииёт, биология, кимё, зоология, ботаника, биотехнология, география, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳалари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаб келди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг таниқли академиклари Авлиёхон Муҳаммадиев, Қодир Зокиров, Аҳрор Музаффаров, шунингдек, ўнлаб таниқли фан докторлари, профессорлар шу факультетда таҳсил олганлар. Кейинги 10 йилликда илмий салоҳият 47 фоиздан 83 фоизга етди. Бугунги кунда 85 нафар профессор-ўқитувчи, шу жумладан, 10 нафар фан доктори, профессор, 61 нафар фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD), 14 нафар катта ўқитувчи ва ўқитувчи фаолият олиб бормоқда.

“Тарихга назар”, “Устозлар хотираси – муқаддас бурч”, “Бизнинг фахримиз”, “Факультет ҳаётидан”, “Маънавий-маърифий тадбирлар”, “Илмий тадқиқот ишлари”, “Ўқув жараёни ва халқаро ҳамкорлик” каби бурчаклар ҳамда устозлар қаламига мансуб илмий рисолалар, оммабоп нашрлар, фанлар ва лаборатория ишларига оид маънан эскирган жиҳозлар, турли моддий ашёлар ҳамда ҳужжатлар факультетнинг бир бутун яхлит тарихидан сўзлайди.
Тошкент шаҳрида Янги Ўзбекистон миллий музейига асос солиниши вилоят, шаҳар ва туманларда ҳам акс садо бера бошлади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА