Фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали ва фойдали ишлар билан ўтказишга ёрдамчи бўлиш ҳар бир ота-онанинг олдида турган масъулиятли вазифаларидан биридир. Зеро, айнан илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради, жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади.
Тошкент давлат педагогика университети талабаси Абдулазиз Ўткиров ҳам кўплаб халқаро ва республика миқёсидаги илмий конференциялар иштирокчиси, танловлар ғолиби бўлиш билан бир қаторда Навоий номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлишга муваффақ бўлди.
– Илм чексиз олам, тубсиз қудуқ. Уни тўлиқ ўзлаштириш учун ҳатто умр ҳам камлик қилади, – дейди Абдулазиз Ўткиров. – Аммо ҳаракат барибир натижани кўрсатади. Россия Федерациясининг Пенза шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда тарих йўналиши бўйича биринчи ўринни олишим ўзим учун ҳам кутилмаган муваффақият эди. Англаганим шуки, илм учун сарфланган пул ҳеч қачон зое кетмас экан. Ёшлигимда ота-онам томонидан билим олишимда барча имкониятлар тақдим этилган.
Ҳамон ёдимда. Эндигина 7-синфда ўқиб юрган кезларим тарих ўқитувчимизни саволларга кўмиб ташлардим. Ўқишим давомида фан олимпиадаларида мунтазам иштироким менинг мазкур фандан назарий билимларим мустаҳкамланиб боришига хизмат қилган. Олимпиада иштирокчиси мағлубиятга учраса, унинг олдида иккита йўл бўларди: бири чекинмасдан олдинга қараб ҳаракатни давом эттириш, иккинчиси шу фандан юз ўгириш бўлган.
Мен бугун анча-мунча натижаларга эришдим. Аммо бир нарсани алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, муваффақиятларни қўлга киритишимда менинг ортимда қанақадир кучли шахслар турмаган. Аксинча, ўрганган билимларим асқатган. Халқимиз орасида қизиқ бир гап юради: агар учта миллиардер билан юрсанг, тўртинчи миллиардер сен бўласан. Агар учта дангаса билан юрсанг, шубҳасиз, тўртинчи дангаса сенсан...
Тарих йўналишида таҳсил олишни мақсад қилдим. Биласизми, бугун кўпгина хорижликлар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби туристик шаҳарлари ҳақида етарлича маълумотларга эга. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўз тарихига эга. Юртимизга келаётган туристлар нафақат Самарқанд, Бухоро, Хоразм, балки Сирдарё, Нукус каби шаҳарларимизнинг ҳам қизиқарли тарихидан бохабар бўлиши лозим.
Талаба бўлиш назарияда олган билимларимизни амалиётда қўллаб, юксак марраларни забт этишимизга халал бермайди. Ҳам ўқиб, ҳам изланиш, ҳам уни тажрибада қўллаш учун бизда вақт ҳам, имконият ҳам етарли. Илм ўз соҳибини ҳамиша қўриқлар экан...
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА