Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм олинг, уни ҳеч ким сиздан тортиб ололмайди
10:13 / 2023-12-10

Юртимизда бошқа соҳаларда бўлгани каби таълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Энг асосийси, жамиятимизда ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясига олингани, ушбу масала Конституциямизда ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилгани ўқитувчи ва педагоглар учун тарихий янгилик бўлди.

Давлатимиз раҳбари томонидан  жорий йилнинг 28 август куни ўтказилган таълим сифатини оширишга қаратилган видеоселектор йиғилишида бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Мухбиримиз Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова билан келгусида тизимда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида суҳбатлашди:

– Вилоятимизда кейинги 3 йилда давлат дастурлари доирасида 5 та мактаб янгидан қурилди, 64 та мактаб реконструкция қилинди, 23 та мактаб мукаммал таъмирланди. 1 та Президент мактаби ва 7 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари қад ростлади. Ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.  

Бундан 3 йил аввал вилоятда 1 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи оладиган ўқитувчиларимиз сони 6 нафар бўлган бўлса, ҳозирга келиб бундай ўқитувчиларимиз сони 217 нафарга етди. 1790 нафар чет тили фани ўқитувчисининг миллий ва халқаро сертификатларини олиш даражаси сўнгги уч йилда 46 фоиздан 80 фоизга етиб, ҳозир уларнинг сони 1426 нафарни ташкил этмоқда.  

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, жумладан, илғор таълим дастурларини мактабларга жорий этиш, таълим сифатини ошириш, педагогларимизнинг касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширишни режалаштирганмиз.  

Келгуси йилда Инвестиция дастури доирасида 1 та янги мактаб қурилади, 5 та мактаб реконструкция қилинади, 2 та мактаб мукаммал таъмирланади ва ушбу мақсадлар учун 50,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши эвазига 3000 нафар қўшимча ўқувчи ўрни яратилади. Шунингдек, 66 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, жиҳозланади. Ушбу мақсадлар учун 478 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилади.  

– Ўтган йили аттестацияда иштирок этган 20 минг ўқитувчидан 398 нафари ёки 2 фоизининг билим ва кўникмаси “қониқарсиз” баҳоланган эди. Хўш, бу каби ўқитувчиларнинг малакаси ва билим савиясини ошириш мақсадида қандай чора-тадбирлар белгиланмоқда?

– Албатта, бу ҳол, айниқса, ҳозир талаб юқори бўлган информатика, инглиз тили, физика, математика ва кимё фани ўқитувчилари эканлиги аниқланган. Шу боис келгусида ушбу ўқитувчиларнинг малакасини яхшилаш ва билим савиясини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Бунда Навоий давлат педагогика институти ва педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази билан ҳамкорликда ҳар бир ўқитувчининг билим даражаси қайта диогностик тест синовидан ўтказилади. Аниқланган бўшлиқларни тўлдириш учун 1 ойдан 3 ойгача методик ёрдам кўрсатилиши орқали ушбу ўқитувчиларнинг билим даражаси яхшилаб борилади.

2024 йилда малака ошириш маркази биноларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини замонавий талабларга жавоб бера оладиган, сўнгги ахборот технологиялари билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиниши режалаштирилган.

– Вилоятнинг олис чўл ҳудудларидаги мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчилар билим савиясини ошириш учун ҳам бирор-бир чора кўрилмоқдами?

– Дарвоқе, Учқудуқ, Томди, Конимех туманлари марказларидан анча олисда мактабларимиз мавжуд. Уларда ҳам халқимизнинг фарзандлари таълим-тарбия олмоқда. Чўл ва олис ҳудудларда фаолият юритаётган педагог-кадрлар учун илғор тажрибали педагоглар жамоасидан иборат тренерлар гуруҳи томонидан кўчма малака ошириш курслари жорий этилади. Натижада олис ҳудудларда фаолият юритаётган педагогларнинг малакаси оширилади. Ушбу тажриба биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган Конимех туманида синовдан ўтказилади.

Таълим сифатини ошириш мақсадида жорий йилда вилоят бўйича 20 та мактабда Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади. Келгуси беш йилда ушбу тизим босқичма-босқич барча мактабларга татбиқ қилинади.

– Ҳеч кимга сир эмас, кейинги йилларда Навоий вилояти ёшлари олий таълим муассасаларига кириш кўрсатгичи бўйича республикада юқори ўринни эгаллаб келмоқда. Аммо бу борада ҳам муаммолар мавжуд. Жумладан, битирувчилари умуман ўқишга киролмаётган мактаблар ҳам бор...

– Ёшларимизнинг олий таълимга қамров даражасини мунтазам ошириб бориш ҳам олдимизда турган асосий вазифалардан биридир. Шу боис ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган Конимех туманидан 16 та, Хатирчи туманидан 61 та, Томди туманидан 12 та, Нурота туманидан 23 та ва Ғозғон шаҳридан 3 та мактабга методик ёрдам кўрсатиш мақсадида вилоятдаги илғор тажрибага эга бўлган мактаб жамоалари бириктирилади.

Шунингдек, мактабларда 7-11-синф ўқувчиларига “кимё – биология”, “математика – физика”, “математика – чет тили”, “она тили ва адабиёт – чет тили” фанлари уларнинг танлови асосида ўқитилиши кучайтирилади.

– Бугунги кунда ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, чет тилларини ўқитиш муаммоси қандай ҳал этилмоқда?

– Ўқувчиларга касб ва иккинчи хорижий тил ўргатиш борасидаги Оқдарё тумани 32-мактаб тажрибасини вилоятдаги 40 та мактабда жорий этиш бўйича вазифаларни аниқ белгилаб олганмиз. Вилоятимизда 11 та мактабда ушбу тизим йўлга қўйилди ҳамда касб таълими хоналари босқичма- босқич белгиланган тартибда қайта жиҳозланмоқда.

Ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, мактабларда сантехник, электрик, чилангар, дурадгор, пойафзал тикувчи, замонавий касблардан мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш, робототехника мутахассиси, видеомонтаж устаси, компьютерларга техник хизмат кўрсатиш, хорижий тиллардан эса хитой, немис, япон, корейс ва француз тиллари ўргатилади.

Бунинг натижасида ҳозирги мавжуд IELTS ва CEFR (халқаро ва миллий сертификат)дан 6+ даража олган 823 нафар ўқувчилар сони кейинги икки йилда 3 баробарга оширилиб, 2500 нафарга етказилади. Юқори даромад келтирувчи замонавий касблар ўргатиладиган ўқувчилар сони эса 3 бараварга оширилади.

[gallery-14986]

Нурота, Ғозғон, Томди, Хатирчи ва Конимех туманлари тажрибаси мисолида 25 та мактабда хорижий тил ўргатишга йўналтирилган 1 тадан синф тажрибали ўқув марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилади ҳамда марказ томонидан халқаро ва миллий сертификатга эга бўлмаган юқори синф ўқувчилари ва чет тили ўқитувчиларининг билимини ошириш, чет тилини билиш даражаси бўйича сертификат олишида амалий ёрдам кўрсатилади.

Ўқувчиларнинг касб эгалари бўлиб етишиши учун назарий билим ва амалий кўникмаларини интеграциялашга қаратилган ўқув жараёнларини ташкил этиб, ўқувчилар ишлаб чиқариш корхоналарига амалиётга юборилади.

Бунда Навоий шаҳридан 6 та мактаб “Навоий кон металларугия комбинати” АЖга, 6 та мактаб “Гидро станко сервис” АЖга, 10 та мактаб “Навоийазот”АЖга, Навбаҳор туманидан 10 та, Кармана туманидан 10 та мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари “Навоий ИЭС” ва “Навоий эркин иқтисодий зонаси”га амалиёт ўташ учун бириктирилади.  

Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳардаги секторларда биттадан “Намунали мактаб”лар ташкил этилиб, бунда танлаб олинган мактаблар низом талаблари асосида жиҳозланади ҳамда келгусида ушбу талаблар босқичма-босқич бошқа мактабларда ҳам жорий этилади.

Албатта, фарзандларимизнинг таълим-тарбияси ва уларнинг тақдири учун барчамиз бирдек масъулмиз. Президентимизнинг “Илм олинг, илм ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди ва ҳеч ким ҳеч қачон сиздан тортиб ололмайди”, деган сўзларини доимо ёдда тутган ҳолда биргаликда ҳаракат қилинса, режалаштирган барча ишларни амалга оширса бўлади.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари