Олимларимиз
Олим бўлиш осон эмас
Яратган иноят қилган кишигина олим бўлади. Олимликнинг ўз талаблари, шартлари, одоби, маданияти, бурчи ва масъулияти – бор. Аммо олим билан олим ўртасида фарқ – катта. Илмий ташкилотда ишлаб илмий фаолият олиб бориш билан олий таълим муассасасида дарс бериб туриб илмий ишлар ёзиш ҳам бир-биридан тафовут қилади. Ахир, таълим даргоҳида муаллимнинг бирламчи вазифаси дарс бериш, яъни кадр тайёрлаш-да. Ёки музофотда туриб олим бўлиш билан пойтахтда яшаб тадқиқотчи бўлиш ўртасида ўхшамайдиган томонлар – кўп.
Профессор Сулаймон Иноятов – айнан вилоятларимиздаги олий таълим муассасасида ишлаб туриб олим бўлганлардан. Бунинг мушкулотини бошидан ўтказганлар яхшироқ билади.
Насаб ва ҳасаб
Кўпларимиз тилимизга асли арабчадан кириб келган бу икки сўзни эшитганмиз, гўёки маъносини ҳам биламиз. Лекин амалда ундай эмасдай.
“Насаб” шахснинг наслини, аждодини, оилавий шажарасини билдиради. Аммо ҳар қанча улуғ насабдан бўлманг, ўзингизни унга лойиқ даражада ўстирмасангиз, ҳаётингиз мобайнида унга мос равишда тутмасангиз, бу сизга ҳеч нарса келтирмайди. Аксинча бўлсангиз, билганлар иснод қилиши ҳам – мумкин.
Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат...” тазкирасида келтиришича, ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан муридлари: “Сизнинг силсилангиз не ерга етар?” – деб сўрашди. “Киши силсила била ҳеч ерга етмас”, – деб жавоб бердилар у улуғ зот.
“Ҳасаб” эса насаб, мол-дунё, мансаб, силсила кетидан келадиган шон-шараф, шуҳрат, мартабани англатади. Бироқ бунинг учун ҳам киши йиллар меҳнат қилиши, шу тариқа эл-улус орасида обрўй-эътибор топиши – лозим.
Сулаймон Иноятов Сталин қатағони айни авжига чиққан 1938 йили Бухоро шаҳрининг Ситорайи Моҳи хосса мавзесидаги Шейхон (Шайхлар) қишлоғида туғилди. Насаб ва ҳасаб ҳақида сўз бошлаб қўйганимиз бекорга эмас. Ҳар қанча улуғ насабли оилада таваллуд топган бўлса ҳам, бу уруғнинг катталари қатағон қурбони бўлган, авлодлар ўз аждодлари ҳақида гапиришга ҳам қўрқиб қолган бир замон эди. У туғилишидан бир неча ой олдин қариндоши Файзулла Хўжаев халқ душмани сифатида отиб ўлдирилган эди.
Бухорода машҳурдан-машҳур хўжалар оиласи бори эди. Хўжаларнинг таниқлиларидан бири Кароматуллахўжа эди. 1920 – 1924 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикасини, 1924 – 1937 йиллари эса Ўзбекистон ССРни бошқарган Файзулла Хўжаев шу одамнинг эвараси эди. Яъни Файзуллахўжа бинни Убайдуллахўжа бинни Қосимхўжа бинни Кароматуллахўжа.
Сулаймон Иноятов эса Кароматуллахўжанинг чевараси ҳисобланади. Яъни Сулаймонхўжа бинни Иноятхўжа бинни Атоуллахўжа бинни Пўлатхўжа бинни Кароматуллахўжа.
Инсон насабига мос ҳасабга эга бўлмоғи учун кўп-кўп меҳнат қилиши – керак. Суламймон Иноятов ҳаёти бунинг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Йўл
Қаҳрамонимиз 1956 йили Бухоро шаҳридаги 10-сонли ўрта мактабни, 1961 йили Бухоро давлат педагогика институти(ҳозирги БухДУ)нинг Тарих-филология факультетини имтиёзли диплом билан тугатди.
Ўзи таълим олган олий таълим муассасасида ўқитувчи бўлиб иш бошлади. 1995 йилгача шу даргоҳда меҳнат қилди. Институт ёшлар ташкилоти раҳбари (1964 – 1966), Рус филологияси факультетида декан (1969 – 1980), катта илмий ходим (1982 – 1984), 1984 – 1989 кафедра мудири, илмий ишлар бўйича проректор (1989 – 1992), Тарих факультети декани (1992 – 1995) бўлиб ишлади.
Тадқиқотчи сифатида, асосан, матбуотнинг жамият тараққиётидаги ўрни масалаларини ўрганди. Шу йўналишда 1969 йил 7 октябрида ҳозирги Ўзбекистон миллий университетида тарих фанлари номзоди, 1987 йил 7 декабрда Москва давлат педагогика университетида тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади.
1995 йили Президент фармони билан Навоий давлат кончилик институти очилди. С. Иноятов ҳозирги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг йўлланмаси билан биринчи проректор лавозимига ўтказилди. У салкам 5 йил давомида институтда тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни изга қўйди.
2000 – 2004 йилиара Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлимига раҳбарлик қилди. Навоий давлат педагогика институти кафедраси мудири (2004 – 2011) бўлиб ишлади. 2016 йилдан буён 2016 йил сентябридан бошлаб ўзининг алма-матери ҳисобланган Бухоро давлат университетининг профессори лавозимида ҳизмат қилиб келмоқда.
Олимнинг Бухоро ва Навоий вилоятларидан ўтган буюк зотлар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, қабрларини обод қилиш борасидаги фаолияти ҳам – таҳсинга сазовор.
С. Иноятов 3 қиз ва 3 ўғилнинг отаси, 13 невара ва 14 эвараси – бор.
Муносиб рағбат
Ҳаётда ҳар қандай меҳнат муносиб рағбатлантирилиши – лозим. Бу кишини янги-янги марраларга ундайди.
С. Иноятов “Дўстлик” ордени (2002), “Шавкатли меҳнати учун” (1970) медали, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, Олий таълим аълочиси (2001) нишонлари, “Устоз” фахрий унвони (2001), “Мустақилликнинг 10 йиллиги” эсдалик нишони (2001), “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (2016) эсдалик нишони, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони (2021), “Меҳнат фахрийси” I даражали кўкрак нишони (2022), “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони (2022) билан тақдирланган.
Биобиблиография ёхуд ғалвирни сувдан кўтарсак...
“Библиография” деган сўзни кўпчилик тушунади. Бу китоблар ёки матбуотда чоп этилган нарсаларнинг батартиб рўйхатини англатади. Аммо, мана, қўлимда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Бухоро давлат университети, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси ҳамкорлигида Бухорода шу кунларда чоп этилган “Сулаймон Иноятович Иноятов” деган биобиблиография турибди.
“Биобиблиография”нинг “библиография”да биргина фарқи шуки, энди бунда бир муаллифга доир нашрларнинг кетма-кетликдаги рўйхати берилади.
85 ёшли олимнинг биобиблиографиясини варақлаш – нақадар мароқли! Ҳар ким ҳам шу ёшларга киришни, ишларининг шундай батартиб акс эттирилишини, ғалвирни сувдан кўтарганда, унда қилинган эзгу ишлар “манаман” деб туришини ким ҳам истамайди, орзу қилмайди, дейсиз?!
Тарихчилардан кўп нарсани ўрганиш – керак. Уларда хронология кучли бўлади. Бу – қатъий кетма-кетликка амал қилиш, дегани. Кечаётган ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси қайд этилиши – керак. Кечмиш учун бирламчи ёки иккиламчи факт бўлмайди. Чунки хоҳлаган маҳалда уларнинг ўрни алмашади: бирламчи деб билганингиз факт иккиламчи, иккиламчи деб ўйлаганингиз воқеа бирламчи аҳамият касб этиб қолиши ҳеч гап эмас-да.
1986 – 2023 йиллар мобайнида ўзбек ва рус тилларида босилган 40 монография, рисола, дарслик, қўлланма! Бу китоблар ҳақида матбуотда босилган 22 тақриз! 2 номзодлик, 3 фалсафа доктори диссертацияссига илмий раҳбарлик! 1 докторлик, 1 номзодлик, 2 фалсафа доктори диссертациясига расмий оппонетлик! 1 фан доктори, 2 фалсафа доктори диссертацияси унинг илмий раҳбарлигида якунланиш арафасида! 488 илмий ва публицистик мақола! 27 монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмасига масъул муҳаррирлик! 72 монография, рисола, дарслик ва ўқув қўлланмасига тақризчилик қилиш! 7 китоб, шунингдек, 74 матбуот материалида бу олим ҳаёти ва фаолияти бу олим ҳаёти ва фаолиятининг турли қирралари ёритилган!..
Энг катта бойлик
“Бойлик” тушунчасини ҳар ким ҳар хил англайди, ўзича тасаввур қилади. Бироқ, модомики, инсонга бир мартагина берилар экан, каминанинг наздида, бу ёруғ оламда умрдан каттароқ бойлик – йўқ ва бўлмайди ҳам. Назаримда, Аллоҳ таоло севган бандасини узоқ умр бериб сийлайди ёки синайди. Шунга амин бўлганманки, кўплар айнан умри вафо қилгани учунгина бу дунёда кўп-кўп шарафга мушарраф бўлади.
Эрталаб уйғонганингда қўлинг, оёғинг, ақлинг ишлаб турган бўлса, ёшнинг нима аҳамияти – бор? Ахир, 85 ёшда ҳам Сулаймон акадек завқ-шавққа тўлиб яшаш, ишлаш, келажакка интилиш, меҳнат қилиб, чарчамаслик – мумкин-ку!
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.