Бухоро вилояти Шофиркон туманида 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 22 декабрдаги резолюциясига мувофиқ таъсис этилган ушбу сана хотин-қизларнинг илмий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш ҳамда инновацион тараққиёт жараёнларидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.


Анжуманда ҳудуддаги таълим муассасалари педагоглари, илмий изланиш олиб бораётган ёшлар, спорт соҳасида юксак натижаларга эришган қизлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, илм-фан ва таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.


Анжуманда аёлларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёш қизларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида фаол хотин-қизлар ва иқтидорли ёшлар эътироф этилиб, илм йўлида изланаётган қизларга амалий тавсиялар берилди.
ЎзА