Ёшлар маънавияти бевосита миллат кўзгуси саналади. Маърифатли авлод шакллантиришда эса оналарнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар таълимига жиддий аҳамият қаратила бошланди.
Бунинг учун зарур шароитлар яратилиб, уларнинг жамиятдаги роли ва мақоми мустаҳкамланди. Ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда хотин-қизлар ҳам юртимиз тараққиётига ўз салоҳияти билан муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Ана шундай ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент давлат транспорт университетида “Илм-фанда қизлар: имкониятлар ва масъулият” мавзусида Республика анжумани бўлиб ўтди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда университет ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда илм-фан, инновация ва таълим соҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда илмий фаолиятдаги масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Республиканинг турли ҳудудларидан илм-фан соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли талаба-қизлар, докторантлар ва соҳа мутахассислари билан бирга қизларнинг илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалардаги иштироки, замонавий билим ва технологияларни эгаллашдаги имкониятлари ҳамда жамият тараққиётидаги масъулияти атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, давлат томонидан хотин-қизлар илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар, грантлар ва таълим дастурларининг амалий аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Анжуманда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров ҳам қатнашиб, илм-фан соҳасида салмоқли натижаларга эришган иқтидорли талаба-қизларнинг ютуқларини эътироф этишди.

Самимий руҳда кечган учрашувда иштирокчилар бевосита масъуллардан ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан маслаҳат ва тавсиялар олиш имконига эга бўлишди.
Шербек Исломов, ЎзА