Инновацион ривожланиш агентлигида “Илм-фанда аёллар овози” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу тадбирда олималар, ёш тадқиқотчилар, стартап асосчилари, талаба-қизлар, шунингдек, қатор вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Эркин мулоқот шаклида ўтган учрашувда хотин-қизларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, мавжуд грант ва дастурлардан самарали фойдаланиш кабимасалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, олималар томонидан яратилаётган ишланмалар ва ихтироларни кенг тарғиб қилиш, уларнинг амалиётга жорий этилишини қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари илм-фан соҳасида аёллар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш платформаларини кенгайтириш, илмий фаолиятга тўсқинлик қилаётган ижтимоий омилларни таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Шу билан бирга, ўзбек олималари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш зарурлиги қайд этилди.
–Мазкур тадбир 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни муносабати билан ташкил этилди. Унда иштирокчилар томонидан Инновацион ривожланиш агентлиги ҳузурида “Олима” клубини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур клуб илм-фан ва инновация соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, олималар ва ёш тадқиқотчилар ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, менторлик тизимини йўлга қўйиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда инновацион ғоя ва ташаббусларни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратишга имкон беради. Мутахассисларнинг фикрича, “Олима” клуби нафақат илм-фан соҳасида фаол аёлларни бирлаштиради, балки жамиятда аёлларнинг илмий салоҳиятини кенг намоён этиш учун муҳим майдонга айланиши мумкин, – деди мазкур агентлик ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзова.
<iframe width="640" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/64IJx_CSPmo?si=CBynMpXWBpLy41zm" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева,
Анвархўжа Аҳмедов (видео),
ЎзА