Мотивация!
Мамлакат ёшлари нафақат билим олиш, балки янги ғоялар яратиш, илмий ва технологиявий инновациялар орқали жамият ривожига ҳисса қўшиш имкониятига эга. Айниқса, инноватор ёшлар замонавий билимни амалиёт билан уйғунлаштира оладиган, креатив фикрлайдиган ва муаммоларни самарали ҳал этиш йўлларини излайдиган авлоддир. Улар фақат ўрганиш билан чекланмай, балки илмий, технология ва саноат соҳасида янги имкониятлар очишга ҳаракат қилади.
Ўзбекистонда инновациялар миллий устувор вазифага айланиб бораётган бир пайтда, Улуғбек Мавлонов каби мутахассислар фундаментал фан ва реал иқтисодиёт ўртасида кўприк вазифасини бажармоқда. Қаҳрамонимизнинг фикрича, биотехнология фақат ҳужайралар ҳақидаги фан эмас, балки инсон саломатлиги ва атроф-муҳит фаровонлиги учун ҳаётнинг ўзини дастурлаш технологиясидир.

Улуғбекнинг илмий йўли болалигидан бошланди. Мактабда физика, кимё ва биология фанларини ўзгача иштиёқ билан ўзлаштирди.
У Ўзбекистон Миллий университетининг Биология факультетини имтиёзли диплом билан тамомлашга муваффақ бўлди. “Erasmus Mundus” дастури эса Улуғбек учун жаҳон илмига очилган йўл бўлди. Франциянинг Париж-Сакл университети ва Эстониянинг Таллинн Технология университетида ўқиш унинг фанлар орасидаги ёндашувини мукаммаллаштирди. Европа илмида фан ва саноатнинг узвий алоқаси Улуғбекка ўз кашфиётларини амалиётда қандай қўллашни ўргатди.
Шундан сўнг, Улуғбек Германиянинг Мюнхен шаҳридаги “Planet A Foods” компаниясида ген муҳандислиги асосида янги маҳсулотлар яратиш лойиҳасида фаолият кўрсатди. У ерда ноанъанавий ачитқиларни генетик муҳандислик орқали модификация қилиш ва улардан какао ёғига альтернатив маҳсулотлар ишлаб чиқиш устида иш олиб борди. Бу тажриба глобал экологик муаммоларни ҳал қилиш ва академик билимларни реал саноат муаммолари билан уйғунлаштириш имкониятини берди.

Хорижда магистратурани якунлаган Улуғбек ўз билимларини Ватан равнақи учун сарфлашга қарор қилди. У Тошкент Вакцина ва Зардоблар илмий-тадқиқот институтида фаолият бошлади. Ҳозирда у туберкулёзга қарши замонавий мРНА вакциналарини ишлаб чиқишда иштирок этмоқда. Бу технология тезкор, хавфсиз ва келажакда турли касалликларга қарши самарали бўлиши мумкин.
Улуғбек микроорганизмларни ферментация орқали антибиотиклар, витаминлар ва аминокислоталарни маҳаллий ишлаб чиқиш йўлида иш бошлади. Бу Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасидаги мустақиллигини таъминлайди ва импортга қарамликни камайтиради.
Ёш иқтидор соҳиби Жанубий Корея, Венгрия ва Сингапурдаги илмий марказлар билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, Европа Иттифоқининг “Horizon Europe” дастурида қатнашиб, халқаро грантлар жалб қилишда ҳам жуда фаол. Унинг сўзларига кўра, илм-фан фақат назария эмас, балки жамият ҳаётига амалий таъсир кўрсатадиган асосий кучдир.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,
ЎзА