Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ИЛМ-фан янгиликлари
13:37 / 2023-05-15

Олмосдан дунёда энг кучли ярим ўтказгич яратилди

Ушбу технологияга эга процессор Intel, AMD ва Appleнинг ҳар қандай чипларига “дамингни ол”, дейди. Япония матбуотининг ёзишича, Сага университети олимлари рекорд даражада ишлашга эга ярим ўтказгич яратдилар. У "охиргидан олдинги қувват" ярим ўтказгич, деб аталади. Ривожланиш олмосга асосланган.

Муҳандислар ҳар квадрат сантиметрга 875 мегаватт қувватга эга олмосли яримўтказгични ихтиро қилди (бу 875 минг кВт). Технология охиргидан олдингиси, деб номланди, чунки энг кучли чип галлий нитридига асосланган. Унинг қуввати квадрат сантиметр учун 2090 мегаваттга етади.

Шунга қарамай, олмосли ярим ўтказгич бир қатор афзалликларга эга. Биринчидан, у зўр кучланиш қаршилигига эга. Иккинчидан, олмос чиплари амалда эскирмайди ва фойдаланиш давридан кейин кучини йўқотмайди. Учинчи хусусият: олмосли ярим ўтказгичлар радиация ва ҳарорат ўзгаришидан қўрқмайди. Олмос технологиялари сунъий йўлдошлар ва космик кемаларда қўлланилади, бу ерда катта ҳарорат сакрашлари мавжуд. 

Мутахассисларнинг тушунтиришича, кучли олмос чиплари экстремал шароитларда бўладиган ускуналарда қўлланилиши мумкин. Масалан, космосда, иссиқ сайёрада ёки юлдуз орбитасида. Олмосли ярим ўтказгичларни металлургия саноатида ҳам қўлласа бўлади. Афсуски, ярим ўтказгичнинг ўзи намойиш қилинмади. Айрим маълумотларга кўра, бутун дунёда йилига 150 миллион каратга яқин олмос қазиб олинади. Яна 20 миллион карат сунъий олмос бўлиб, уларнинг 95 фоизи Хитой томонидан етказиб берилади.

Келажак смартфонларини шиширса бўлади

Муҳандислар сенсорли смартфон билан тугмачали телефонни чатишдирди. Карнеги Меллон университети (АҚШ) олимлари ОЛЕД экранлар учун янги технология  Flat Panel Hapticsни ишлаб чиқди. Энди смартфоннинг экрани шишиши мумкин бўлади.

Бу ҳақиқий тугмачаларни тақлид қилиш учун керак. Мисол учун, экран маълум жойларни пуфлай олади ва шу билан сенсорли клавиатура яратади. Пуфланадиган тугмалар ҳозирда экранда кўрсатилган нарсага қараб йўқолади ва яна пайдо бўлади. Шу билан бирга, фойдаланувчи ўзини ҳақиқий тугмачаларни босаётгандек ҳис қилади.

Энг қизиғи шундаки, бу тугмачалар ҳақиқатан ҳам босилади, чунки суюқлик экран остида яширинган. Пуфланадиган экран икки қатламдан иборат: ОЛЕД панели ва ўрнатилган электр насослар. Ушбу насослар экраннинг маълум қисмларида суюқликни пуфлаши ва тушириши мумкин. Дисплейда кўтарилган тугма керак бўлганда, масалан, матн киритиш учун, суюқлик мос келадиган қисмни тўлдиради. Натижада 1,5 мм чиқадиган тугма пайдо бўлади.

Ҳар бир бўлимни бажариш учун тахминан 1 сония вақт кетади.
Лойиҳанинг мақсади иккала киритиш усулининг барча афзалликларини бирлаштиришдир. Жисмоний клавиатура мухлислари уларни матнни кўр-кўрона ёзиш мумкинлиги учун яхши кўрадилар, сенсорли киритиш эса амалийроқ ва қўшимча компонентларни бирлаштиришни талаб қилмайди.

Хуллас, америкалик муҳандислар бир вақтнинг ўзида иккита стулга ўтиришга ҳаракат қилишди. Муҳандисларнинг фикрича, технология ҳар қандай ОЛЕД панели билан мос келади ва барча мавжуд қурилмаларга осонгина интеграция қилинади. Ҳозирча Flat Panel Haptics прототип босқичида ва тижорат мақсадларида фойдаланиш учун мавжуд эмас.

Хитойлик қиз роботни нега калтаклади?

Айтишларича, воқеа Хитой шифохонаси фойесида содир бўлган. Лекин ёрдамчи робот билан жанг узоқ давом этмади. 

Яқинда Хитойнинг Wеибо ижтимоий тармоғида Сючжоу тиббиёт университети (Хитой) шифохонасида ғазабланган беморнинг видеоси пайдо бўлди. Видеода қўлида таёқ ушлаган аёл робот ёрдамчисини калтаклаётганини кўриш мумкин. 

Кадрлар тез фурсатда интернетда тарқалиб кетди. Улар бошқа платформаларда, ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда нашр этила бошланди.

Беморнинг аччиқланишига нима сабаб бўлгани номаълум. Эҳтимол, робот узоқ вақт давомида аёлнинг саволларига жавоб бермаган ва у унга сабоқ бериб қўймоқчи бўлгандир. Натижада робот шафқатсизларча калтак еди: монитор ва корпус шикастланган, кўплаб парчалар ён томонга учиб кетган.

Касалхона ходимлари полицияни чақиришга мажбур бўлишган. Гувоҳларнинг фикрича, аёлнинг руҳий хасталиги тутган бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча бу фақат тахмин, дейди воқеа гувоҳлари.

Келажак мотоси рангини ва шаклини ўзгартиради

Трансформация ташқи стимулларга – иссиқлик ва электр энергиясига жавобан содир бўлади. Бир сўз билан айтганда, ривожланиш турли соҳаларда, жумладан, виртуал ҳақиқат ва робототехника соҳасида янги имкониятларни очмоқда.
Ватерлоу университети олимлари бир вақтнинг ўзида шакли ва рангини ўзгартира оладиган ақлли матони намойиш қилишди. У бир нечта бардошли тузилмаларни ўзаро боғлаш орқали яратилган. Бу унга кучли, эгилувчан, аммо тегиниш учун юмшоқ бўлишига имкон беради, деб ёзади New Atlas.

Матонинг хусусиятлари борасида.

Агар сиз фен  ёки бошқа қурилма билан қиздирсангиз, у бинафша рангдан кўк рангга ўзгаради. Асосий қоида – 20 ° C дан 60 ° C гача бўлган ҳарорат оралиғини ушлаш. Акс ҳолда, "сеҳр" содир бўлмайди.

Мато совиганида, у асл бинафша рангга қайтади. Ҳозирча бу вариант фақат иккита рангни ўзида намоён қилади, аммо кейинчалик палитрани кенгайтириш мумкин.

Ривожланишнинг яна бир хусусияти – шакл ўзгариши. Электр импульслари таъсирида тўқималар тўғриланади ёки аксинча, қисқаради. У юмшоқроқ ва мослашувчан бўлиши мумкин ёки у шунчалик қаттиқ бўлиб қоладики, уни эгиш қийин бўлади.

Мато анъанавий дастгоҳга ўхшаш қурилма ёрдамида тўқилган. Амалдаги материаллар полиэтилен терефталат (ПЕТ) ва зангламайдиган пўлатдан ясалган толаларнинг аралаштирилган иплари билан термокромик микрокапсулалар (ТМC) эди. Иккинчиси унга электр хусусиятларини берди, ПЕТ эса шакл хотирасини таъминлади.

Иқтисодий самарадорликни ҳисобга олган ҳолда – ишлатилган полимерлар қайта ишланган пластмассадан эди – тадқиқотчилар янги ақлли матоларида катта ваъдаларни кўришмоқда.

Энг кекса дарахт Чилида топилди

Рекорд янгиланди, Жанубий Америкада барча кекса дарахтларнинг “кекса бобоси” топилди. Бу эрамиздан олдин ўсган улкан сарв дарахти экан.
Чили жанубида, Лос-Риос минтақасида дунёдаги энг қадимги дарахт ўсади. Ҳеч бўлмаганда олимлар шундай деб ўйлашмоқда. Тахминларга кўра, кексаларнинг кексаси деб аталаётган “чол”нинг ёши 5000 дан ошган.
Дарахт биринчи марта 1972 йилда кашф этилган, аммо фақат 2020 йилда ўрганила бошланди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, "кекса дарахт" Патагония сарв турига тегишли  бўлиб,  бу Жанубий Америкадаги энг катта дарахт тури экан.
Топилган рекордчига Буюк бобо номи берилди. Унинг диаметри 4 метрдан ортиқ, баландлиги эса 28 метрни ташкил қилади. Олимлар сарвнинг ташқи қисмидан намуналар йиғиб, уларнинг ёши тахминан 2400 йил эканлигини аниқладилар.

Ҳозир олимлар дарахтнинг “ядроси” ва илдизларини ўрганишмоқда. 80 фоиз эҳтимол билан бу дарахтнинг ёши 5000 йилдан ошгани айтилмоқда.

 Ер юзида бундай қадимий дарахтларни деярли топа олмайсиз. XIX-XX асрларда бу тур уйлар ва кемалар қуриш учун деярли йўқ қилинган.
Олимларнинг ишончи комилки, топилган дарахт тез орада аввалги рекордчи Метуселаҳ ўрнини эгаллайди. Метҳуселаҳ – Калифорнияда топилган 4850 ёшли қарағай. Ҳозирча Метуселаҳ расман дунёдаги энг қадимги дарахт сифатида тан олинган, аммо яқин кунларда ушбу мақом Чилида топилган  Сарв дарахтига ўтса ажаб эмас.

Хитой 1,4 миллиардлик аҳолиси учун озиқ-овқат хавфсизлигини ғамлаб қўйган

Хитой ҳукумати мамлакатдаги 1,4 миллиарддан ортиқ аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқда ва уларнинг зарур ҳажмдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминланишига ишонч билдирмоқда. Бу ҳақда яқинда Хитой Халқ Республикаси озиқ-овқат ва моддий ресурслар давлат бошқармаси бошлиғи Кон Лян маълум қилди.
“Бизда пойдевор, шарт-шароит ва салоҳият бор ва биз 1,4 миллиарддан ортиқ хитойлик учун “бир коса гуруч”ни доимо маҳкам ушлаб туришимизга ишончимиз комил”, – деди у матбуот анжуманида.

Биз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишларини изчил сақлаб келмоқдамиз, социалистик давлатни ҳар томонлама модернизация қилиш учун ишончли кафолат берамиз.

Бўлим бошлиғининг сўзларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида Хитойда ҳар йили 650 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. “Ўзимизни озиқ-овқат билан 100 фоизга, ғалла билан 95 фоизга таъминлаймиз”, – дея қўшимча қилган у.

Маълумотларга кўра, Хитойда ўртача бир киши йилига 480 кг озиқ-овқат истеъмол қилади, бу халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги стандартидан 20 фоизга  юқори.

Микроблар паст ҳароратларда пластмассани парчалаши аниқланди

Алп тоғлари ва Арктикада паст ҳароратларда пластмассани ютиб юбориши мумкин бўлган микроблар топилди. Бу полигонларда тўпланиб, жаҳон океанларини булғаётган пластик чиқиндиларни утилизация қилиш билан боғлиқ катта муаммонинг ечими бўлиши мумкин.

30 даражадан юқори ҳароратларда пластмассани парчалаш қобилиятига эга бактериялар аллақачон маълум бўлган. Лекин уларни саноатда қўллаш учун жуда кўп энергия керак бўлади, бу эса қимматга тушади ва атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишига олиб келади.

Швейцариянинг WSL Федерал институти олимлари пластикни 15 даража Цельсийда парчалаши мумкин бўлган микроорганизмларни аниқладилар, бу эса қайта ишлаш учун инқилобий ечим бўлиши мумкин.

Биолог Жоел Рюти ва унинг ҳамкасблари Гренландия, Свалбард архипелаги ва Швейцария Алп тоғларида бир йил давомида ер юзасида ёки ерда ётган пластмасса бўлакларини кузатдилар. Бир йил кузатувдан сўнг олимлар ушбу пластмассадаги 34 турдаги микроблардан намуналар тўплашди. Уларнинг  19 таси бактерия ва 15 таси замбуруғ. Сўнгра улар бу микробларни лабораторияга 15 даража ҳароратда жойлаштиришди  ва у ерда штаммларни бир неча турдаги пластмассаларда: полиэтилен (ПЕ – биологик парчаланмайдиган) ва биологик парчаланадиган полиестер-полиуретан (ПУР), полибутиленни парчалаши мумкинми ёки йўқлигини аниқлаш учун тажриба ўтказишдан олдин ўсишига рухсат беришди. Ушбу тажрибада микробларнинг ҳеч бири полиэтиленга, ҳатто унинг юзасида 126 кун ўсгандан кейин ҳам таъсир қила олмади.
Олимлар микробларни фақат битта ҳароратда синаб кўришди ва уларни амалда қўллаш учун қўшимча тадқиқотлар олиб бориш зарурлигини таъкидлашмоқда. Бу эса микроб навлари ва чиқиндининг парчаланиши учун ҳароратнинг оптимал нисбатини очиб беради, дейди улар.


Интернет хабарлари асосида С.Раҳимов тайёрлади, 

ЎзА