Бугунги кунда мамлакатда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан уйғун ҳолда ташкил этиш ҳамда илмий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, иқтисодий тараққиёт, адолатли рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида илмий асосланган ёндашувлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, мамлакатимиз илмий ҳамжамияти учун нуфузли тадбирга айланган “SCIENCE AND INNOVATION AWARDS – 2025” доирасида эришилган навбатдаги ютуқ алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу танловда “Йилнинг энг яхши илмий тадқиқот маркази” номинацияси бўйича Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази муносиб деб топилди.
Мазкур ютуқ марказ томонидан олиб борилаётган комплекс илмий тадқиқотлар, бозор ва рақобат муҳитини тизимли таҳлил қилиш, халқаро илмий тажриба асосида замонавий методологияларни жорий этиш, шунингдек, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва мутахассислар малакасини оширишга қаратилган дастурларнинг амалий натижаси сифатида эътироф этилди.
Айниқса, марказ фаолияти рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий асосланган қарорлар қабул қилинишига хизмат қилиб, миллий ҳамда халқаро илмий-маърифий майдонда унинг нуфузини изчил равишда ошириб бормоқда.
[gallery-26831]
Қайд этиш жоизки, ушбу нуфузли тадбирда олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари, тадқиқот марказлари ҳамда илмий нашрлар томонидан 3000 дан ортиқ ариза тақдим этилган.
Ана шундай юқори рақобат шароитида эришилган ушбу ютуқ марказ жамоасининг юксак илмий салоҳияти ва самарали фаолиятининг ёрқин далили ҳисобланади.
Нигора Раҳмонова,
Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА