Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Илм-фан ва креатив тафаккур уйғунлиги
19:24 / 2026-02-10

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ҳамда 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, айниқса, хотин-қизларнинг илм-фан ва инновация соҳасидаги фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан “Креатив тадбиркор ёшлар” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 11 февраль – Олима қизлар куни муносабати билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбир хотин-қизларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллигини ошириш, ёш қизларни илмий изланишларга кенг жалб этиш, шунингдек, олима ва тадқиқотчи хотин-қизларнинг ютуқларини тарғиб қилишга қаратилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор Байриева Алмагул, химия фанлари доктори, доцент Аксана Сейтназарова иштирок этди. Учрашув давомида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш олима қизлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, илм-фан, таълим ва инновация соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида алоҳида сўз юритилди. 

Айниқса, илм-фанни тадбиркорлик билан уйғунлаштириш, ёшларнинг креатив ғояларини амалиётга татбиқ этиш, стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган партия ташаббуслари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди. 

Тадбир якунида фан ва тадқиқот соҳасида фаоллик кўрсатаётган олима ва тадқиқотчи қизлар эътироф этилди, уларнинг илмий ютуқлари кенг жамоатчиликка таништирилди. Бундай эътироф ёшларнинг илм-фанга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишга руҳлантиришга хизмат қилади.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини, партиянинг ёшлар ва олима қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги изчил сиёсатини яна бир бор намоён этди. 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири