“Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти” миллий тадқиқотлар университети ўртасида мутахассис кадрларни тайёрлаш, “Илмий кенгаш” фаолиятини йўлга қўйишда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти” миллий тадқиқотлар университети профессори А.Алтиев бугунги кунда Республикамиз ҳудудида бўлиб ўтаётган тадқиқотларни халқаро даражага олиб чиқиш, кадрларнинг замонавий билимга эга бўлиши, саноат ерларини солиққа тортиш тизимини тартибга солиш бўйича тегишли идораларга таклифлар бериш, саноат корхоналарига зарур бўлган янги халқаро андозадаги йўналишларни аниқлаш ва шу йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлаш тўғрисида таклифлар берди.
– Соҳада юқори малакали ва замонавий фикрловчи олий маълумотли кадрларни халқаро таълим стандартларига мувофиқ тайёрлашда талабаларни амалиёт билан узвий боғлаш лозим, – деди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Х.Сабуров. – Саноат корхоналарини етук кадрлар билан таъминлашда ўқув режалари ва дастурларига қўшимчалар киритиш, профессор ўқитувчилар билан стажировкалар ҳамда талабалар учун ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришда вужудга келаётган муаммоларни илмий ёндашув асосида ҳал этиш муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбатида комбинат мутахассислари билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларининг ишлаб чиқаришга тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ҳамда ўқув дастурларини тузиш белгилаб олинди. Шунингдек, ОКМК таркибий бўлинмаларида мавжуд илмий муаммолар базасини яратиш, пировард натижада профессор-ўқитувчилар, илмий изланувчилар ва магистратура мутахассисликларида магистрлик диссертация ишларини бажаришда мазкур базадаги муаммолар асосида амалга оширишни жорий этиш бўйича масъулларга вазифа юклатилди.
ОКМК Фан ва инновациялар бўлими негизида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этган ҳолда “Илмий кенгаш” низоми ишлаб чиқилиб, 1 ой муддатда фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий изланувчиларини илмий тадқиқот йўналишларида самарали меҳнат қилиши, мақсадли илмий тадқиқот ишларини ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш соҳасидаги муаммоларни биргаликда ҳал қилиши учун шарт-шароит яратиб берилиши ҳам таъкидланди. Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари стажировкалари ҳамда талабаларнинг ишлаб чиқариш ва диплом олди ўқув-амалиётини комбинатда самарали ташкил этилиши, амалиёт ўташ жараёнида салоҳиятли талабаларни 3-,4-,5-мис бойитиш фабрикаларига зарур кадрлар тайёрлаш мақсадида ишга таклиф қилиш чоралари кўрилиши белгиланди. Бундан ташқари, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти” миллий тадқиқотлар университети ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан ОКМК ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари, профессор-олимлар Қалмоққир ҳамда Ёшлик-1 конида амалга оширилаётган ишлаб чиқариш жараёни билан таништирилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки ҳозирги кунда комбинатда 2 нафар фан доктори, 12 нафар PhD докторлари ва фан номзодлари меҳнат қилмоқда. Комбинат олимлари томонидан ўтган давр мобайнида соф ҳолатдаги палладий ва рений метали олинган.
ОКМК Ахборот хизмати